Соғлом ҳаёт | 20:01 / 28.02.2026
2671
2 дақиқада ўқилади

Олимлар мияни ёшга боғлиқ ўзгаришлардан ҳимоя қиладиган мойни айтишди

Тадқиқотларга кўра, бир марта тозаланган зайтун мойини мунтазам истеъмол қилган иштирокчиларда хотира ва фикрлаш кўрсаткичлари яхшироқ бўлган.

Фото: Getty Images

Испаниянинг Ровира-и-Виргили университети олимлари тозаланмаган зайтун мойи ичак микробиотасига таъсир қилиш орқали когнитив саломатликни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини аниқладилар. Муаллифларнинг таъкидлашича, гап айнан рафинация қилинмаган маҳсулот ҳақида кетмоқда — у тозаланган мой навларига нисбатан анча фойдали.

Тадқиқот давомида ортиқча вазн ҳамда метаболик синдромга эга бўлган 55–75 ёшли 656 нафар иштирокчи ўрганилди. Олимлар икки йил давомида уларнинг овқатланиш тартибини (жумладан, истеъмол қилинган зайтун мойи навини), ичак микробиотаси таркибини ва когнитив функциялардаги ўзгаришларни кузатиб бордилар. Бир марта тозаланган зайтун мойини мунтазам истеъмол қилган иштирокчиларда хотира ва фикрлаш кўрсаткичлари яхшироқ бўлган, шунингдек ичак бактериялари хилма-хиллиги юқорироқ экани аниқланган — бу метаболик ва ичак саломатлигининг муҳим белгиси ҳисобланади.

Мой навлари ўртасидаги асосий фарқ ишлаб чиқариш технологиясига боғлиқ. Зайтун мойининг биринчи тозалови механик усулда, агрессив қайта ишловсиз олинади, шу боис унда полифеноллар ва бошқа биофаол бирикмалар сақланиб қолади. Рафинация жараёнида эса бу моддаларнинг аксарият қисми парчаланиб кетади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, рациондаги мойлар сифати уларнинг миқдоридан кам бўлмаган аҳамиятга эга, айниқса мия қариши жараёнида бу жуда муҳим бўлиши мумкин.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш