Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Али Хоминаий ҳокимият тепасига қандай келганди?
2026 йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ракета ва ҳарбий самолётлардан фойдаланиб зарбалар берди. Оқибатда Эрон олий руҳонийси, амалда мамлакатнинг икки раҳбаридан бири бўлган Али Хоминаий ҳалок бўлди. Бу шахс бир пайтлар Эрон президенти ҳам бўлган ва амалда у 1981 йилдан буён ҳокимият тепасида эди.
Али Хоминаий ўлдирилгани ҳақида биринчи бўлиб Reuters агентлиги хабар берди. Сўнг Исроил томони ва АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам унинг ўлдирилганини айтиб чиқди.
Бироқ 28 феврал тунда Эрон ОАВлари Али Хоминаий ўлдирилганини рад этиб, у “АҚШ ва Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қатъият ва собитлик билан бошқариб турганини” таъкидлади.
1 март тонгда Эрон ОАВлари мамлакат олий раҳбари Али Хоминаий ўлдирилганини тасдиқлади. Мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилингани ҳақида хабар тарқатилди. Хўш, Хоминаий ҳокимият тепасига қандай келган эди?
Озарбойжон оиласидан чиққан инқилобчи
Али Хоминаий 1939 йилда Эроннинг Машҳад шаҳрида озарбойжон оиласида туғилади. Ҳа, ажабланманг. Эронда аҳолининг қарийб ярми озарбойжонлар бўлиб, улар асосан мамлакатнинг шимолий ва шимолий-ғарбий қисмида яшайди.
Шу ўринда бир маълумот, озарбойжонлар Эронда ҳокимият тепасига кеча, бугун келиб қолган эмас. Муҳаммад Шайбонийни енгиб, Сафавийлар давлатини тузган шоҳ Исмоил Сафавий ҳам озарбойжон бўлган.
1736 йилда Сафавийлар давлати қулайди ва Эронда ҳокимият тепасига яна бир озарбойжон сулоласи – Афшорлар келади. 1796 йилда улар ўрнига бошқа бир озарбойжон сулоласи – Қожарлар Эронни бошқара бошлайди.
1925 йилда ҳозирда қувғинда юрган Ризо Паҳлавийнинг бобоси Ризо Паҳлавий Қожарлар сулоласини йиқитади ва Эрон шоҳига айланади. Бироқ ўшандан кейин, ҳатто 1979 йилда содир бўлган инқилобдан сўнг ҳам озарбойжонларнинг Эронда юқори лавозимларни эгаллаши давом этади.
Масалан, ҳозирда Эрон президенти бўлиб турган Масъуд Пизишкиён ҳам озарбойжон миллатига мансуб. Яъни Эрондаги икки раҳбар – олий раҳбар ва президент озарбойжон миллати вакиллари ҳисобланади.
Энди Али Хоминаийга қайтсак, унинг отаси Эрондаги машҳур уламоларнинг бири бўлган. Хоминаий 19 ёшида Қум шаҳрига кўчиб ўтади ва шу ерда Руҳуллоҳ Ҳумайний билан танишади. Унинг шоҳга қарши ҳаракатларга қўшилишига айнан Ҳумайний катта таъсир кўрсатган дейилади.
Талабалик даврида унда совет сиёсатига мойиллик бўлган. Шунда Карл Маркс ва Ленин асарларини ўқиш учун Хоминаий рус тилини ўрганган. Шунингдек, у араб, инглиз, озроқ француз тилларида ҳам сўзлаша олган.
1979 йилда Эронда содир бўлган инқилобгача Али Хоминаий устози Руҳуллоҳ Ҳумайний билан бирга бир неча марта ҳибсга олинади, сургун қилинади.
Эрон инқилоби
1978 йил январ ойида Қум шаҳрида, талабалар намойиши вақтида полиция томонидан икки нафар талаба ўлдирилади. Қум – аҳолиси узоқ йиллик диний анъаналарга қаттиқ амал қилинадиган, Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг она шаҳри эди.
Талабалар ўлимидан сўнг бу шаҳар аҳолиси шоҳ тузумига қарши оёққа туради. Февралда яна бир йирик шаҳар – Табриз аҳолиси бош кўтарди. Мартга келиб Эрондаги барча шаҳарларда кенг кўламли намойишлар бошланиб кетади.
1978 йил июнида Паҳлавий намойиш уюштираётган халқни тинчлантириш учун эркин сайловлар ўтказишга ваъда беради, аммо бу қуруқ гап вазиятни юмшатмайди.
1978 йил 20 август куни Ободон шаҳридаги кинотеатрда ёнғин содир бўлиб, 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлади. Шунда бу ёнғинни шоҳ тузумидаги миллий хавфсизлик ходимлари уюштиргани оммага ошкор бўлади ва намойишлар янада авж олади.
Шоҳ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиб, намойиш ўтказишни тақиқлайди. Аммо халқ норозилиги назорат қилиб бўлмас даражага етиб бўлганди.
1978 йил декабр ойи бошларида намойишлар янада кучлироқ авж олади. Биргина Теҳрон кўчаларига Паҳлавийнинг истеъфосини талаб қилиб 2 млн одам намойишга чиқади.
1979 йил 16 январ куни шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятни бош вазир Шопур Бахтиёрга қолдириб, Эрондан қочиб кетади. Шоҳ қочганини эшитган одамлар бутун мамлакат бўйлаб кўчаларда шоҳнинг суратларини ошкора ёқади.
1979 йил 1 февралда оятуллоҳ Ҳумайний 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади. Ўша йил декабрда янги конституция қабул қилинади.
Унга кўра, мамлакатнинг диний раҳнамоси – олий раҳбари оятуллоҳ бўлади. Сиёсий ва фуқаролик ҳокимияти эса президент, Олий мажлис ва бош вазир ихтиёрида қолади. Руҳуллоҳ Ҳумайний Эроннинг илк оятуллоҳи бўлади. Шу тариқа Эронда тузум ўзгаради.
Эроннинг 3-президенти
Эронда монархия йиқитилиб, республика ўрнатилгач, мамлакатнинг олий раҳбарига айланган Ҳумайний эски сафдоши Али Хоминаийни Теҳронда жума масжиди бош имоми этиб тайинлайди.
Ўша пайтда бу масжид оддий ибодатхона эмас, балки янги тузумнинг умумдавлат ва умуммиллий сиёсий хабарлари эълон қилинадиган жойи эди. Яъни Али Хоминаий шунчаки бир масжид имоми эмас, балки соддароқ тилда айтганда олий раҳбарнинг матбуот котиби вазифасида эди.
1981 йилда Эронда президент алмашади. Ҳумайний биринчи президент Абулҳасан Банисадрни Ироққа қарши урушда сусткашликда айблайди ва ҳокимиятдан кетказади.
Ўша йил июлда ўтказилган сайловда ғалаба қозонган Муҳаммад Али Ражоий мамлакат президенти бўлади. Бироқ қасамёд қабул қилиш маросимидан икки ҳафта ўтгач шоҳ тарафдорлари томонидан унга суиқасд уюштирилади. Оқибатда Муҳаммад Али Ражоий, Эрон бош вазири ва миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби ҳалок бўлади.
Шундан сўнг Эронда яна президентлик сайлови ўтказилади. Унда Али Хоминаий ғалаба қозонади ва Эроннинг учинчи президентига айланади.
Али Хоминаий Эронни 1981 йилдан 1989 йилгача бошқаради. Ўша пайтларда мамлакат ичида шоҳ тарафдорлари томонидан яширин қаршиликлар содир бўлиб турганди. Иккинчи томондан Эрон Ироқ билан урушаётганди.
Ана шундай вазиятда Али Хоминаий шоҳ тарафдорларига қарши аёвсиз муносабатда бўлади ва қўлга тушганларнинг аксарияти қатл этилади. У шу йўл билан Эронда инқилобни мустаҳкамлайди.
Умуман олганда Хоминаий тузуми 8 йил мобайнида жуда кўплаб инқилобга қарши чиққан одамларни қатл этади. Айрим маълумотларга кўра, биргина 1988 йилнинг ўзида Эронда 30 мингдан ортиқ одам қатл этилган.
Ўша пайтда Эронда тузумга қарши бўлганларни суд ва тергов қилишмайди. Ҳибсдагилар “Теҳрон ўлим қўмитаси” деб номланган қўмита қарори билан ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Теҳрон прокурори, кейинчалик Эрон бош прокурори бўлган Муртазо Эшрағий, Эрон бош прокурори ўринбосари, кейинчалик Эрон президенти бўлган Иброҳим Раисий, шариат қозиси, кейинчалик Эрон олий суди раиси ўринбосари бўлган Ҳусайн Али Найерий, қуролли кучлар инқилобий судининг ғарбий ҳудудлар бўйича прокурори Мустафо Пирмуҳаммадий қўмитанинг асосий ҳукм чиқарувчилари бўлган.
Эрон олий раҳбари
1989 йил 3 июн куни Руҳуллоҳ Ҳумайний вафот этади. Эртаси куни “Экспертлар кенгаши” деб номланган кенгаш 20 соат давом этган мажлисда Али Хоминаийни Эроннинг олий раҳбари этиб сайлайди.
Ўша мажлисда бир неча оятуллоҳ Экспертлар кенгашига Эрон олий раҳбари лавозимини бир кишига эмас, уч кишидан иборат кенгашга топширишни таклиф қилади. Экспертлар кенгаши бу таклифни рад этади.
Шундан сўнг олий раҳбар лавозими учун оятуллоҳ Муҳаммад Ризо Гулпайғоний ва Али Хоминаий номзодлари илгари сурилади. Якунда 74 та овоздан 60 тасини олган Али Хоминаий ғалаба қозонади ва Эрон олий раҳбарига айланади.
Али Хоминаий Эрон олий раҳбари бўлганидан сўнг бирон марта хорижий сафарга чиқмаган. Яъни мамлакат ҳудудини тарк этмаган.
Ҳалок бўлган пайтда 86 ёшда бўлган Али Хоминаий Эронни президент сифатида 8 йил, олий раҳбар сифатида 37 йил, жами 45 йил бошқарди. Эрон тарихида бирор ҳукмдор бу давлатни бунчалик узоқ бошқармаган.
Али Хоминаий президент бўлганида, сўнг мамлакат олий раҳбарига айланганида ҳам Эрон Яқин Шарқдаги турли жангари гуруҳларни ҳар томонлама қўллаб келган.
Шу сабабли Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”, Ямандаги Ҳусийлар, яна Ироқдаги шиа жангари гуруҳлари уни ўз раҳнамолари деб билишади. Ҳатто Ливан пойтахти Байрут шаҳри кўчаларига унинг портретлари илинган ҳолда туради.
1981 йилда Али Хоминаийга суиқасд уюштирилади. Йиғинларнинг бирида унга савол ёзилган магнитофон беришади. Али Хоминаий саволни эшитиш учун магнитофон тугмасини босганда ундаги портловчи ускуна ишга тушади. Ўшанда у тирик қолади ва ўнг қўли қисман ишдан чиқади.
Шундан сўнг Али Хоминаий ҳар доим ўз хавфсизлигини биринчи ўринга қўяди. Кейинчалик мобил телефонлар оммалашганда ҳам хавфсизлик сабабидан умуман мобил телефондан фойдаланмайди.
Али Хоминаий қаттиққўллик билан олиб борган сиёсатни унинг яқин қариндошлари қўлламаган. Масалан, унинг синглиси Бадри Хоминаий акаси юритган сиёсатга қарши чиқади.
Тузум таъқибига учрагач, аёл 1985 йилда эри Али Теҳроний билан Эронни тарк этади. 1995 йил аёл ватанига қайтганида қўлга олинади ва 10 йил умрини қамоқда ўтказади.
2022 йилда Бадрининг турмуш ўртоғи вафот этади. Шундан сўнг аёл яна акасига қарши чиқиб, у олиб бораётган сиёсатни танқид қила бошлайди.
Шунингдек, Бадри Хоминаийнинг қизи Фарида Муродхоний ҳам Али Хоминаий тузумининг ашаддий танқидчиси ҳисобланади. Шу сабабли унга 2022 йилда 3 йил қамоқ жазоси берилади.
Али Хоминаий олий раҳбар бўлганда Эронда бир неча киши президентлик қилади:
· Акбар Ҳошимий Рафсанжоний – 1989-1997 йилларда;
· Муҳаммад Ҳотамий – 1997-2005 йилларда;
· Маҳмуд Аҳмадинажот – 2005-2013 йилларда;
· Ҳасан Руҳоний – 2013-2021 йилларда;
· Иброҳим Раисий – 2021-2024 йилларда;
· Муҳаммад Мухбир – 2024 йил 19 майдан 29 июлгача вақтинча;
· Масъуд Пизишкиён – 2024 йилдан ҳозиргача.
Ядро қуролига қарши фатво
2005 йилда Австрия пойтахти Вена шаҳрида Халқаро атом энергетикаси агентлиги йиғинида Эрон вакиллари мамлакат олий раҳбари Хоминаийнинг фатвосини ўқиб беради.
Унда олий раҳбар Исломда ядро қуролини ишлаб чиқариш ва уни қўллаш ҳаромлигини айтганди. Бироқ негадир Эрон томони бу фатвога ҳеч қачон амал қилмаган ва анча йиллардан буён ядро қуролини яратиш устида тадқиқотлар ўтказиб келмоқда.
Айрим эронлик дипломатлар Али Хоминаий мамлакат миллий разведкаси раҳбарияти билан учрашганда уларга чиқарган фатвоси Эрон мусулмонларига ядро қуролни ишлаб чиқаришни тақиқламаслигини айтган.
Шундан келиб чиқиб, айримлар Хоминаий кейинроқ ядро қуроли бўйича чиқарган фатвосини бекор қилган дейишади. Шунга ўхшаш ҳодиса аввалроқ, Эрон–Ироқ уруши даврида содир бўлган.
Хоминаий кулфат келтирувчи қуроллар, жумладан, ядро қуроллари ҳақида ўзи чиқарган фатвони бекор қилганди ва уларни ишлаб чиқариш дастурларини бошлашни буюрганди.
Хоминаий даврида Эрон ташқи сиёсати
Хоминаий Эронни бошқарган йилларда мамлакатнинг ташқи сиёсати ўзгармади. Бу сиёсат АҚШни ўзига душман, Исроилни эса босқинчи давлат деб билади. Шу туфайли Эрон ҳанузгача Исроил давлатини тан олмаган.
Шу ўринда бир маълумот. Шоҳ Ризо Паҳлавий ҳукмронлик қилган даврда, аниқроғи 1950 йилда Эрон Исроил давлатини тан олади.
Шундан сўн айрим араб давлатлари Эрон билан дипломатик алоқаларни узади. Масалан, Миср шундай қилган ва ўзаро муносабатлар 10 йилдан сўнг қайта тикланган.
Кўп ўтмай Исроил ва Эрон ўртасидаги алоқалар дўстона кўринишда давом этади. Ҳар икки давлат ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилади. Савдо алоқалари ривожланади.
Ҳатто 1961 йилда Исроил бош вазири Дэвид Бен Гурион Эронга давлат ташрифи билан келади. Ўша пайтларда Исроилни нефт билан асосан Эрон таъминлаб турган.
Шунингдек, 1973 йил октябрда бўлиб ўтган 20 кунлик Араб–Исроил уруши пайтида Эрон Исроилга 25 та ҳарбий самолёт беради. Бошқа ёрдам кўрсатади.
Икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар 1979 йилда Эронда тузум ўзгарганидан сўнг тугайди. Инқилобдан сўнг Эрондаги янги тузум Исроил билан барча алоқалар узилганини ва бу давлатни тан олмаслигини айтиб чиқади.
Али Хоминаий президент бўлганида, сўнг олий раҳбарга айланганида ҳам Эроннинг Исроил ва АҚШга нисбатан кескин сиёсати ўзгармади. Аксинча, ўзаро душманлик ва қарама-қаршилик баттар кучайди.
Охир-оқибат Али Хоминаий АҚШ ҳамда Исроилнинг Эронга ракета ва самолётлар ёрдамида зарба берган пайтида ҳалок бўлди.
Эроннинг АҚШ ва Исроилга қарши душманлик сиёсати охири нима билан тугайди, аниқ айтиш қийин. Лекин шу тарздаги душманлик давом этса тахмин қилиш мумкин, катта эҳтимол билан АҚШ Эрондаги тузумни қачонлардир ағдаради.