Денгиз сатҳининг кўтарилиши инсон фаолияти туфайли юзага келган иқлим инқирозининг энг кўзга кўринарли ва хавотирли оқибатларидан бири бўлиб, дунё соҳиллари бўйлаб яшовчи юзлаб миллион одамларга таҳдид солади. Олимлар ҳисоб-китобича, 2050 йилгача глобал денгиз сатҳининг тахминан 6 дюймга кўтарилишига аллақачон “маҳкум” бўлиб қолинган.

Бироқ, Nature журналида чоршанба куни эълон қилинган ушбу тадқиқотга кўра, бу ҳисоб-китоблар тўғри бошланғич нуқтадан бошланмаётган бўлиши мумкин.

Соҳилбўйи жамоаларига денгиз сатҳининг кўтарилиши қандай таъсир қилишини башорат қилиш учун олимлар кўпинча Ернинг тортишиш майдони ва айланишини ҳисобга олиб денгиз сатҳини баҳолайдиган моделдан фойдаланади. Аммо бу усул сув кўтарилишига таъсир қилувчи бошқа омилларни — масалан, сув қайтиши ва келиши, шамоллар, океан оқимлари, ҳарорат ва шўрликни ҳисобга олмайди.

Нидерландиядаги Wageningen University and Research университетининг доценти ва тадқиқот муаллифларидан бири Филип Миндерхауднинг айтишича, ишончли денгиз сатҳи маълумотини олиш учун моделни денгиз сатҳини аниқ ўлчай оладиган ҳақиқий сунъий йўлдош маълумотлари билан бирлаштириш керак.

Ҳисобот муаллифлари сўнгги 15 йил ичида денгиз сатҳининг кўтарилиши ва унинг соҳилларга хавфлари ҳақида чоп этилган 385 та тақриздан ўтган илмий тадқиқотни таҳлил қилди. Улар шуни аниқладики, 90 фоизи ҳақиқий ўлчанган кузатувлар эмас, балки фақат модел тахминларига таянган.

Миндерхауднинг айтишича, бу «методологик кўр нуқта» бўлиб, у соҳиллардаги денгиз сатҳи ва у билан боғлиқ хавфларга одамларнинг дучор бўлиш даражасини кенг миқёсда кам баҳолашга олиб келган.

Ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб соҳиллардаги денгиз сатҳи ўртача ҳисобда ҳозир тахмин қилинаётгандан тахминан 1 фут баландроқ. Айрим жойларда — масалан, Жануби-Шарқий Осиё ва Тинч океанининг баъзи қисмларида бу фарқ 3 футгача етади.

Топилмалар шуни кўрсатадики, агар денгиз сатҳи тахминан 3 футга кўтарилса, бу ҳозир ўйланганидан 37 фоизга кўпроқ ер майдонини сув остида қолдиради ва дунё бўйлаб 132 миллионгача инсонга таъсир қилиши мумкин.

Миндерхауд шундай деди: «Оддий қилиб айтганда, агар сизнинг оролингиз ёки соҳил бўйидаги шаҳрингиз учун ҳақиқий денгиз сатҳи аввал тахмин қилинганидан баланд бўлса, денгиз сатҳи кўтарилишининг оқибатлари кутилганидан эртароқ юз беради».

Тадқиқотда иштирок этмаган Бристол университети доценти Мэтт Палмернинг айтишича, ушбу натижалар «иқлим ўзгариши шароитида денгиз сатҳи кўтарилишининг таъсири тизимли равишда кам баҳоланганини» кўрсатади.