Жаҳон | 22:44 / 25.09.2024
6876
2 дақиқада ўқилади

Олимлар тезкор уйқуни яхшилайдиган асосий рецепторни аниқлади

Ушбу янгилик Паркинсон ҳамда деменция каби касалликларни даволашга хизмат қиладиган янги усулларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Getty Images

Олимлар МТ1 мелатонин рецептори туш кўриш, ҳиссий регуляция ва хотирани мустаҳкамлашга жавоб берадиган тезкор уйқу фазаларининг асосий тартибга солувчиси эканини аниқлади, деб хабар беради Neuroscience News.

Ушбу янгилик уйқуни ва REM-уйқунинг бузилиши билан боғлиқ Паркинсон ҳамда деменция каби касалликларни даволашга хизмат қиладиган янги усулларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, инсон уйқуси турли физиологик функцияларни бажарувчи тартибли кетма-кетликдан иборат. Тезкор уйқу когнитив жараёнларда асосий ролни ўйнаса, узоқ давом этадиган уйқу организмнинг жисмоний қайта тикланишини таъминлайди. Ушбу циклнинг бузилиши когнитив функцияларга салбий таъсир кўрсатиши ва нерв-психологик касалликлар пайдо бўлиш хавфини ошириши мумкин.

Journal of Neuroscience’да эълон қилинган тадқиқотда биринчи марта тезкор уйқуни бошқарувчи аниқ рецептор ҳақида сўз боради. Бунга қадар олимлар айнан қайси рецептор мазкур фазага жавоб беришини билмас эди. Ҳозирда тезкор уйқуни яхшилашга қаратилган дори воситалари йўқ, чунки мавжуд уйқу дориларининг аксарияти унинг давомийлигини камайтиришга хизмат қилади.

Профессор Стефано Комаи бошчилигидаги Падуя университети тадқиқотчилар гуруҳи МТ1 миянинг Locus Coeruleus номи берилган соҳасидаги нейронларга таъсир кўрсатишини аниқлаган. Махсус дори ёрдамида олимлар ҳайвонлардаги МТ1 ни фаоллаштириб, тезкор уйқунинг давомийлигини оширишга эришган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид