Жаҳон | 23:30 / 11.03.2026
3345
2 дақиқада ўқилади

Макрон G7 етакчилари Россиядан санкцияларни олиб ташламасликка келишиб олганини айтди

G7 давлатлари раҳбарлари Россияга қарши санкцияларни сақлаб қолишга келишиб олди. Чекловлар Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши туфайли жаҳон нефть бозоридаги вазиятга қарамай сақланиб қолади.

Фото: Reuters

«Катта еттилик» давлатлари ҳозирги вазият Россияга нисбатан чекловларни бекор қилиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон матбуот анжумани чоғида айтди.

«G7 вазият Россиядан санкцияларни олиб ташлашни оқламаслигига рози бўлди», деб тушунтирди Франция раҳбари.

Ҳафта бошида Reuters манбаларга таяниб, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россия нефтига нисбатан санкцияларни янада юмшатиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган эди. Яқин Шарқдаги можаро АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси билан бошланиб, минтақадан нефт етказиб беришда узилишларга, шунингдек, ёқилғи нархининг кўтарилишига олиб келди.

АҚШ бозордаги вазиятни барқарорлаштириш ва нархлар ўсишини тўхтатиш учун баъзи мамлакатларга қарши нефт санкцияларини бекор қилмоқда, деди Трамп. «Кейин, ким билади, балки уларни қайта киритишга тўғри келмас», деган эди у.

Еврокомиссия Вашингтон Россия нефт ва газига қарши санкцияларга риоя қилиши кераклигини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид