Жаҳон | 21:41 / 11.03.2026
6394
2 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш туфайли нефт захираларининг тарихдаги энг катта захираси очилади

Нефт умумий захирасининг учдан бир қисми – 400 миллион баррел бозорга чиқарилади.

Фото: Bloomberg

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ўз тарихидаги энг йирик давлат нефт захирасини - 400 миллион баррелни, яъни умумий захиранинг учдан бир қисмини бўшатишни буюрди, деб ёзди The Guardian 11 март куни.

Жаҳон энергетика регуляторининг таъкидлашича, унинг 32 аъзоси фавқулодда захиралардан бундай ҳажмдаги нефтни бўшатишга бир овоздан рози бўлган.

Шундай қилиб, агентлик АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ва дунёдаги барча нефт таъминотининг чорак қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши туфайли нефт бозоридаги зарбани юмшатишга ҳаракат қилмоқда.

Аввалроқ Япония ҳукумати 18 мартдан бошлаб хусусий ва давлат нефт захираларидан 80 миллион баррелга яқин нефтни бозорга чиқаришини маълум қилганди. Германия 19,51 миллион баррел хом нефтни чиқаришини маълум қилди.

G7 мамлакатлари энергетика вазирлари стратегик нефт захираларидан фойдаланишни принципиал қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Аввалроқ Халқаро энергетика агентлиги 2022 йилда Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ортидан ушбу фавқулодда чорани қўллаган эди. Шунда регулятор бозорга 182 миллион баррель нефт чиқарган.

Жаҳон бозори Ҳўрмуз бўғози орқали савдонинг тўсиб қўйилиши туфайли кунига 15 миллион баррелга яқин нефт йўқотмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид