Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эроннинг музлатилган маблағлари фақат озиқ-овқат ва дори-дармонга сарфланишини айтди
АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг музлатилган ҳисоб рақамларидаги маблағлардан фақат Қўшма Штатлардан озиқ-овқат ва дори-дармон сотиб олиш учун фойдаланиш мумкинлигини маълум қилди.
Бу билан у тинчлик музокаралари борасидаги хавотирларни бартараф этишга ҳаракат қилди, деб ёзди Bloomberg.
«Блокдан чиқарилган миллиардлаб доллар маблағ АҚШ назорат қиладиган эскроу ҳисобига тушади ва Американинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - соя, маккажўхори ва буғдойни сотиб олишга сарфланади», деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Трамп, шунингдек, ядровий дастур бўйича параллел музокаралар доирасида Теҳрон «узоқ йиллар давомида энг юқори даражадаги текширувлар»га рози бўлганини маълум қилди - бу деярли тўрт ойлик урушни тугатиш ва Ҳўрмуз бўғозини очиқ қолдириш бўйича саъй-ҳаракатларнинг марказий нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий Трампнинг ҳар икки баёнотини рад этди. Унинг сўзларига кўра, Эрон бу маблағларни фақат АҚШдан харидлар учун эмас, балки «эркин, ўзи хоҳлаган усулда» ишлатади. Унинг сўзларига кўра, Эрон томони ХАЭА бош директори билан учрашмаган ва агентликни ўз ядровий объектларига киритишни режалаштирмаяпти.
Mehr агентлигининг Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободийга таяниб хабар беришича, гап Эроннинг 12 миллиард долларлик активларини иккита тенг траншда блокдан чиқариш ҳақида кетмоқда. Вашингтон Теҳрон оладиган аниқ суммани ҳали тасдиқламади.