Жаҳон | 19:07
2292
3 дақиқада ўқилади

АҚШда НУЖ махфий дастурларига раҳбарлик қилган генерал сирли равишда ғойиб бўлди

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги генерал-майори, 68 ёшли Уилям Нил Маккасленд қарийб икки ҳафтадан бери қидирилмоқда. У НУЖ махфий дастурларига раҳбарлик қилган.

Фото: US Air Force

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги генерал-майори Уилям Нил Маккасленд қарийб икки ҳафтадан бери қидирилмоқда. Федерал тергов бюроси (ФТБ) агентлари қидирувга қўшилди, деб хабар берди CNN.

68 ёшли Маккасленд 27 февралда ғойиб бўлган. Тергов маълумотларига кўра, у Албукеркдаги уйидан чиқиб кетганидан бери оиласи ёки дўстлари билан алоқага чиқмаган. Унинг мобил телефони уйда қолган.

Эртаси куни расмийлар «кумуш огоҳлантириш» деб номланган хабарни эълон қилди - бу йўқолган одамни топиш учун махсус хабар бўлиб, тиббий муаммолар юзага келганда қўлланилади.

Кенг кўламли қидирув операцияси

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кенг кўламли қидирув ишларини олиб бормоқда, маҳаллий аҳолини сўроқ қилмоқда ва бедарак йўқолган шахснинг яшаш жойи яқинидаги ҳудудларни текширмоқда. Терговчилар аллақачон тумандаги 600 дан ортиқ уй эгалари билан боғланган.

Операцияга Албукеркда жойлашган Киртленд авиабазасидан ҳам ҳарбийлар жалб қилинган.

Маккасленднинг бўйи тахминан 178 сантиметр, кўзлари мовий ва сочлари оқ. Терговчиларнинг сўзларига кўра, у спорт билан фаол шуғулланган - Сандия тоғлари этакларида юриш, югуриш ва велосипедда сайр қилишни яхши кўрган.

Махфий дастурларда хизмат қилиш

Маккасленд АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган даврида бир қатор муҳим лавозимларда ишлаган. Хусусан, у АҚШ Мудофаа вазирлигининг глобал жойлашув тизими дастурининг бош муҳандиси бўлган, шунингдек, космик технологиялар ва Пентагоннинг махсус дастурлари билан боғлиқ тузилмаларда ишлаган.

Бундан ташқари, у Оҳайо штатидаги Райт Паттерсон ҳаво кучлари базасида Ҳарбий-ҳаво кучлари тадқиқот лабораториясига қўмондонлик қилган. Бу база 1947 йилда Розвелл воқеаси билан боғлиқ фитна назарияларида тез-тез тилга олинади, гарчи Америка ҳарбийлари ердан ташқаридаги технологиялар ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини бир неча бор рад этган.

Истеъфога чиққандан кейинги иш

Хизматни тугатгандан сўнг, Маккасланд Blink-182 мусиқачиси Том Делонг ҳаммуассиси бўлган Tuze Stars компаниясида ишлаган. Ташкилот номаълум ҳаво ҳодисаларини ўрганиш билан шуғулланади.

Оиласи нима дейди

Йўқолган шахснинг рафиқаси Сюзан Маккасленд Уилкерсоннинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи ақлий заифликдан азият чекмаган.

Қидирув ишларида аллақачон ўнлаб кўнгиллилар, шунингдек, отлиқ гуруҳлар, вертолётлар, дронлар ва қидирув итлари иштирок этяпти.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таъкидлашича, ҳозирча жиноят аломатлари аниқланмаган, бироқ йўқолишнинг барча эҳтимолий версияларини текширишда давом этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид