Жаҳон | 16:09
1226
2 дақиқада ўқилади

Хабаровскда РФ қуролли кучлари брошюраларини юлиб ташлаган аёл 17 йилга қамалди

Хабаровскдаги ҳарбий суд 54 ёшли аёлни армияда хизмат қилишга чақирувчи брошюраларни юлиб ташлагани ва интернетдан топган ҳалок бўлган россиялик ҳарбий ҳақидаги маълумотларни Украинага юборгани учун давлатга хиёнат ва “терроризм”да айбдор деб топди.

Фото: kp.ru

Хабаровскдаги ҳарбий суд 54 ёшли маҳаллий аёлни давлатга хиёнат ва “террористик ташкилот” фаолиятида иштирок этиш ҳақидаги моддалар бўйича бир йил эркинликни чеклаш билан бирга умумий тартибдаги колонияда 17 йил жазога ҳукм қилди. Хабаровск ўлкаси прокуратураси 11 март, чоршанба куни хабар беришича, у армияда хизмат қилиш рекламаcини юлиб ташлагани, шунингдек, интернетда очиқ манбаларда мавжуд бўлган россиялик ҳарбийнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотларни Украинага етказгани учун айбдор деб топилган.

Баёнотда айтилишича, Украинадаги урушга қарши чиққан аёл “Украина разведкаси билан ҳамкорлик қилган ва хорижга чиқиб кетиш эвазига Россия қуролли кучларида хизмат қилишга чақирувчи брошюраларни юлиб ташлаган”. У жами камида 14 та брошюрани юлиб ташлаган, уларнинг бир қисмини эса “суратга олиб, юборган”. Бундан ташқари, прокуратура иддаосига кўра, у интернетдан топган россиялик ҳарбийнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги, унинг шахсий маълумотлари ҳам кўрсатилган ахборотни Украина вакилига юборган.

“Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси маълумотларига кўра, давлатга хиёнат ҳақидаги иш бўйича ҳукм 54 ёшли рассом-моделер Елена Караникуга нисбатан чиқарилган. У 2025 йил январда қўлга олинган ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган эди.

Ўз навбатида, “Если б не было войны” лойиҳаси ёзишича, иш Украина қуролли кучлари томонида жанг қилаётган “Россия озодлиги” легиони вакили билан ёзишма сабаб қўзғатилган бўлиб, бу мулоқотни айнан ўша вакил бошлаган. 2025 йил март ойидан бери Каранику Росфинмониторинг реестрига киритилган. “Медиазона” қайд этишича, Каранику 2000 йилдан бери Грецияда яшаган ва 2020 йилда Россияга қайтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид