Ўзбекистон | 15:32
1127
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда юзлаб географик объектлар номи ўзгариши мумкин

Мамлакатда айрим географик объектлар номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги номлар бериш режалаштирилмоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳасига кўра, тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорлар номларини давлат тили талабларига мослаштириш назарда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар «Давлат тили ҳақида»ги ҳамда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича республика комиссиясининг хулосалари асосида айрим объектларга янги номлар бериш ҳам режалаштирилган.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, тасдиқланган номлар кейинчалик барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, хизмат ёзишмалари ва маълумотлар базаларида қўлланилади.

Кадастр агентлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда тегишли ҳужжатлар ва хариталарга ўзгартиришлар киритиши, шунингдек, жойлардаги ахборот кўрсаткичлари ва пешлавҳаларни давлат тили меъёрларига мос ҳолда қайта расмийлаштириши белгиланган.

Мазкур ташаббус географик номларни бир хил меъёр асосида тартибга солиш, уларнинг тўғри ва ягона ёзилишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид