Жаҳон | 20:40
514
3 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб ўсмирларнинг 15 фоизи руҳий муаммоларга эга экани айтилди

Руҳий бузилишлар ва психоактив моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишлар тиббиётнинг долзарб муаммосига айланиб бормоқда.

Фото: Shutterstock

Касалликларнинг глобал юкини ўрганиш шуни кўрсатдики, бутун дунё бўйлаб ўсмирларнинг 15,2 фоизи руҳият билан боғлиқ муаммоларга эга. Таҳлил Molecular Psychiatry журналида чоп этилди.

Руҳий бузилишлар ва психоактив моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишлар тиббиётнинг долзарб муаммосига айланиб бормоқда, айниқса, ўсмирлар ва ёшлар орасида. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб ўсмирларнинг тахминан 14 фоизи ушбу гуруҳ касалликларидан азият чекади. Бироқ кўпчилик пандемия бу кўрсаткичга сезиларли таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, деган фикрда. Ёшларнинг руҳий саломатлигига катта эътибор қаратилаётганига қарамай, ўсмирлар (10-19 ёш) ва ёш катталар (20-24 ёш) ўртасида руҳий касалликлар эпидемиологияси бўйича билимларда жиддий бўшлиқ сақланиб қолмоқда.

Шу сабабли, Оҳайо штати университетидан Милап Наҳата бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи 1990 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида руҳий касалликларнинг глобал ва минтақавий тарқалишини баҳолаш учун 2021 йилги Глобал касаллик юки маълумотлар тўпламидан фойдаланди.

Маълум бўлишича, 2021 йилда дунё бўйича 184,9 миллион ўсмир (15,2 фоиз) ва 94,1 миллион ёшлар (16,1 фоиз) руҳий касалликларга чалинган. Хавотир бузилиши иккала гуруҳда ҳам энг кенг тарқалган ҳолат эди (мос равишда 4,94 фоиз ва 5,8 фоиз), ундан кейин депрессив бузилиш кузатилди. Шуниси эътиборга лойиқки, ўсмирлик даврида руҳий бузилишларга кўпроқ эркаклар, ўспиринлик даврида эса аёллар мойил бўлган. Депрессив ва хавотирли бузилишлар ва овқатланиш хулқ-атворининг бузилиши аёлларда, аутизм спектрининг бузилиши, диққат етишмаслиги ва гиперактивлик синдроми, шунингдек, хулқ-атвор бузилиши эркакларда кўпроқ учради. Бундан ташқари, 10,1 миллион ўсмир ва 19,6 миллион ёшлар психоактив моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликларга чалинган.

Касалликнинг асосий оғирлиги Австралия ва Океания, Шимолий Америка ва Ғарбий Европа каби юқори даромадли ҳудудларда тўпланган. Депрессив бузилишлар Шимолий Америкада энг кўп тарқалган бўлиб, Ғарбий Европада ўсмирлар орасида ва Лотин Америкасида ёшлар орасида хавотир бузилишларининг тарқалиши энг юқори чўққига чиқди. 2021 йилда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида меҳнатга лаёқатли ҳаёт йилларининг йўқотилиши ва меҳнатга лаёқатсизлик бўйича тузатилган ҳаёт йилларининг кўпайишига руҳий касалликлар асосий сабаб бўлди.

Олимларнинг фикрига кўра, ушбу натижалар ковид пандемияси фонида юзага келган ўсмирлар ва ёшларда руҳий бузилишлар эпидемиологиясидаги реактив ўзгаришларни акс эттиради. Бироқ, ушбу маълумотларни янгилаш учун 2021 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда руҳий касалликларнинг тарқалишини ўрганадиган янги тадқиқотлар талаб этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид