Жаҳон | 08:30
2256
3 дақиқада ўқилади

Дунёда энг кўп камера ўрнатилган шаҳарлар рейтинги

Видеокузатув замонавий шаҳарларнинг асосий белгиларидан бирига айланиб бормоқда, аммо назорат даражаси бир мегаполисдан бошқасига кескин фарқ қилади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Лос-Анжелесда 46 мингдан ортиқ камера ўрнатилган. Ҳиндистоннинг Ҳайдарабод шаҳрида эса уларнинг сони тахминан 900 мингта. Ушбу визуализацияда Comparitech маълумотлари асосида дунёнинг йирик шаҳарлари ҳар 1000 нафар аҳолига тўғри келадиган видеокузатув камералари сонига қараб тартибланган. Бу эса кузатув энг кучли жамланган ҳудудларни кўриш имконини беради.

Ҳукуматлар ва маҳаллий ҳокимиятлар хавфсизлик ҳамда “ақлли шаҳарлар”ни ривожлантириш мақсадида кузатув тизимларини кенгайтириб борар экан, ушбу рейтинг бугун камералар зичлиги — ва у билан бирга жамоатчилик устидан кузатув даражаси қаерда энг юқори нуқтага етганини яққол кўрсатади.

Биринчи ўринни Ҳиндистоннинг Ҳайдарабод шаҳри эгаллаган — ҳар 1000 кишига 79 та камера. Ундан кейин Индаур (72) ва Бангалор (41) келади. Жами ҳисобда бу шаҳарларда 1,7 миллиондан ортиқ камера ўрнатилган.

Фото: Visual Capitalist

Қайд этиш жоизки, Хитойнинг айрим шаҳарлари бўйича маълумотлар ахборотнинг ёпиқлиги сабабли мавжуд эмас. Шунга қарамай, баҳолашларга кўра, мамлакатда ҳар минг аҳолига тахминан 494 та камера тўғри келади — деярли ҳар икки кишига битта камерадан.

Покистоннинг аҳоли сони бўйича иккинчи йирик шаҳри Лоҳур дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди — ҳар 1000 кишига 28 та камера. Шаҳарда жами 410 300 та камера ўрнатилган бўлиб, юзни таниб олиш тизимлари кўпинча миллий маълумотлар базалари билан реал вақт режимида боғланган.

Москва олтинчи ўринда — ҳар 1000 нафар аҳолига 20 та камера. Ғарб мамлакатлари ичида энг кўп кузатиладиган шаҳар Лондон бўлиб, у умумий рейтингда 11-ўринни эгаллайди. Ундан кейин Лос-Анжелес келади, бу ерда камералар сони 2022 йилдан бери тахминан 34 фоизга ошган.

Лос-Анжелесдан ташқари, қатор шаҳарларда ҳам жамоат жойларида видеокузатув тизимлари шунга ўхшаш тарзда кенгаймоқда. Айниқса, Ҳайдарабодда ўсиш 104 фоизни, Москвада 17 фоизни, Лондонда эса 2022 йилдан бери 3,6 фоизни ташкил этгани яққол кўзга ташланади. Айни пайтда бундай тизимлар “шубҳали фаоллик”ни аниқлаш, автоматик профиллаш ва муайян қонуниятларни топиш учун машинали ўқитиш алгоритмларидан тобора фаолроқ фойдаланмоқда.

Кенг тармоққа эга камера тизимлари ҳокимиятга нафақат йўл ҳаракати қоидалари ёки тўхташ қоидалари бузилишини қайд этиш, балки одамларнинг ҳаракатланишини кузатиш имконини ҳам беради. Бу эса сунъий интеллект технологиялари кучайтирган мониторинг даврида махфийлик ва маълумот тўплаш билан боғлиқ жиддий саволларни ўртага қўяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид