2024 йилда жаҳон портлари орқали тахминан 743 миллион TEU контейнер ўтган. TEU — 20 футлик стандарт контейнер ҳажмига асосланган халқаро ўлчов бирлиги ҳисобланади. Бу ҳажмнинг ярмидан кўпи дунёнинг атиги 20 та энг йирик порти ҳиссасига тўғри келган.

Visual Capitalist тайёрлаган инфографикада Lloyd’s List One Hundred Ports 2025 маълумотлари асосида дунёдаги энг йирик контейнер портлари рейтинги тақдим этилган.

Бугунги кунда жаҳон контейнер ташувларининг 40 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатнинг глобал ишлаб чиқариш ва экспорт занжирларидаги ҳал қилувчи ролини кўрсатади.



Дунёдаги энг йирик олтита портнинг бештаси Хитойда жойлашган. Абсолют етакчи эса Шанҳай порти бўлиб қолмоқда.

2024 йилда Шанҳай порти 51,5 миллиондан ортиқ TEU контейнерни қайта ишлаган ва дунёдаги энг банд порт мақомини сақлаб қолган. Иккинчи ўриндаги Сингапур порти эса ундан 10 миллион TEU'дан ортиқ орқада қолган.

Хитойнинг бошқа йирик портлари ҳам жуда юқори кўрсаткичларга эга: Нинбо-Чжоушань порти — 39,3 млн TEU, Шэньчжэнь — 33,4 млн TEU, Циндао — 30,9 млн TEU, Гуанчжоу порти — 26,1 млн TEU

Бу портларнинг ҳар бири контейнер айланмаси бўйича Сингапурдан ташқари барча хорижий портлардан устун.

Мутахассислар фикрича, Хитой портларининг етакчилиги нафақат мамлакатнинг “дунё фабрикаси”га айлангани, балки тарихий савдо анъаналари билан ҳам боғлиқ.

Масалан, 1757–1842 йилларда Гуанчжоу (ўша даврда Кантон) Ғарб давлатлари билан савдо қилиш учун очиқ бўлган ягона Хитой порти эди.

Осиё давлатлари бугун дунёдаги энг йирик портларнинг қарийб тўртдан уч қисмига эгалик қилмоқда. Улар орасида: Пусан порти — 24,4 млн TEU, Малайзиядаги Порт-Кланг — 14,6 млн TEU.

Сингапур ва Порт-Кланг Малакка бўғози яқинида жойлашган бўлиб, бу орқали дунё савдосининг тахминан 25–30 фоизи ўтади.