Жаҳон | 09:25
1814
4 дақиқада ўқилади

Венгрия Европа томон танлов қилди — Урсула фон дер Ляйен

“Венгрия Европа томон танлов қилди. Европа ҳамиша Венгрияни танлаган”, — деб ёзди Урсула фон дер Ляйен X ижтимоий тармоғида Венгриядаги сайловларда ғалаба қозонган Петер Мадярнинг “Тиса” партиясини табриклар экан.

Фото: Darko Bandic/AP

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен якшанба, 12 апрел куни, Венгриядаги парламент сайловларида ғалаба қозонган ва конституцион кўпчиликни қўлга киритган мухолифатчи Петер Мадярнинг “Тиса” партияси ғалабасини олқишлади.

“Венгрия Европа томон танлов қилди. Европа ҳамиша Венгрияни танлаган”, — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида, инглиз ва венгр тилларида пост қолдириб.

“Мамлакат ўзининг Европа йўлига қайтмоқда. Иттифоқ янада кучаймоқда. Бугун кечқурун Европанинг юраги Венгрияда янада кучлироқ уряпти”, — дея қўшимча қилди у.

Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам Мадярни табриклади.

“Кучли, хавфсиз ва энг аввало бирлашган Европа йўлида ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутяпман”, — деб таъкидлади Германия ҳукумати раҳбари X тармоғида.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул эса ўз навбатида Венгрия халқи сиёсий ўзгаришлар йўлини танлаганини таъкидлади.

“Умид қиламанки, энди мамлакат Европада ва Европа билан бирга ўзининг улкан имкониятларидан яна фойдаланади”, — деди Германия дипломатияси раҳбари, шу билан бирга сайловдаги жуда юқори иштирок даражасига ҳам эътибор қаратди.

Франция президенти Эммануэл Макрон X тармоғида Петер Мадяр билан телефон орқали мулоқот қилгани ва уни табриклаганини маълум қилди. Франция раҳбари венгер сиёсатчисини “янада суверен Европа”ни биргаликда илгари суришга чақирди.

Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам Петер Мадярни сайловдаги ғалаба билан табриклади. Италия ҳукумати унга фаолиятида муваффақият тилайди, деб ёзди ўнг қанот ҳукумат раҳбари X тармоғида.

У ўз постида Виктор Орбанга ҳам сўнгги йиллардаги фаол ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди ва уни ўзининг дўсти деб атади.

“Биламанки, у мухолифатда бўлса ҳам, ўз мамлакатига хизмат қилишда давом этади”, — дея қўшимча қилди у.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Венгриядаги воқеаларни тарихий палла деб атади.

“Бу нафақат Венгрия, балки Европа демократияси учун ҳам тарихий палладир”, — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида ва икки мамлакат хавфсизлиги ҳамда фаровонлиги йўлида венгр ҳамкасби билан ишлашини қўшимча қилди.

Сайлов комиссияси вакиллари баҳосига кўра, овоз беришда иштирок даражаси рекорд кўрсаткич — 79 фоизга етган.

Овозларнинг 91,9 фоизи санаб чиқилган натижаларга кўра, “Тиса” партияси 53,72 фоиздан ортиқ овоз тўпламоқда. Виктор Орбаннинг ҳукмрон “Фидес” партияси эса 37,67 фоиз овоз олган.

Сайлов комиссияси бундан олдин ҳам мухолифат етакчиси Петер Мадяр ва унинг ўнг-марказчи “Тиса” партияси 199 ўринли янги парламентда 138 та ўринни қўлга киритиши мумкинлигини маълум қилган эди. Бу парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмидан кўпроғини англатади.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан мағлубиятни тан олди.

“Нима бўлишидан қатъи назар, ҳатто мухолифатда бўлсак ҳам, мамлакатга хизмат қиламиз”, — деди у 12 апрел куни кечқурун Будапештда ўз тарафдорлари олдида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид