Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саудия, БАА, Миср. Эрон урушига уч хил ёндашув
Бир неча ҳафта олдин Саудия Арабистони ва БАА АҚШдан Эронга қарши амалиётни охирига етказишни сўраётгани ҳақида маълумотлар сиздирилган эди. Лекин кейинроқ вазият ўзгариб, уларнинг позициясида эҳтиёткорлик устун бўла бошлади. Айни пайтда, Саудия ва БАА араб дунёсида алоҳида мавқега эга Мисрдан ҳам хурсанд эмас.
Эрон уруши фонида Яқин Шарқдаги манфаатлар манзараси – Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида.
— Нега Саудия Арабистони АҚШдан Ҳўрмуз блокадасини тўхтатишни сўраяпти?
Жаҳонгир Акрамов: Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг Эронга нисбатан муносабати жиддий бўлиб қолмоқда, улар Кўрфаз минтақасида Эронга рақиб сифатида қарайди. Бу қарама-қаршиликни фақат мазҳабий (шиа-сунний) доирада эмас, балки кенгроқ геосиёсий контекстда тушуниш керак.
Масалан, Ироқ ёки Сурияда шиаларнинг ҳокимият тепасига келиши Эрон таъсирининг кучайишига олиб келади деган хавотирлар мавжуд эди. Шу сабабли, этник жиҳатдан араб, аммо мазҳабан шиа бўлган ҳудудларда Эрон таъсирининг ортиб кетишига йўл қўймаслик учун маълум даражада мувофиқлаштирилган ҳаракатлар кузатилган.
Шуни унутмаслик керакки, Эроннинг ҳаддан ташқари кучайиши Саудия Арабистони манфаатларига зид.
Бироқ уруш бошланганидан бери Ар-Риёд масаланинг ҳарбий йўл билан эмас, балки бошқариладиган тарзда ҳал этилишини истайди. Доналд Трамп сиёсати эса улар кутгандек натижа бермаяпти. Аксинча, Вашингтоннинг ҳаракатлари минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкинлиги Саудия Арабистонида хавотир уйғотмоқда. Шу боис “аввал Ҳўрмуз бўғози муаммосини барқарорлаштирайлик, кейин Эрон билан воситачилар – Туркия, Покистон ёки Миср орқали келишувга эришамиз”, деган қарашлар кучаймоқда.
Саудия Арабистони раҳбарияти, хусусан, Муҳаммад бин Салмон атрофидаги таҳлилий институтлар эҳтимолий хавфларни пухта ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилади. Улар Эроннинг геосиёсий имкониятлари юқори эканини яхши билади. Бу имкониятлардан бири – Боб ал-Мандаб бўғози билан боғлиқ. Мазкур бўғоз Сувайш каналига кириш йўли бўлиб, Қизил денгизни Ҳинд океани билан боғлайди.
Агар бу йўлак ёпилса, нафақат Миср, балки Саудия Арабистони иқтисодий манфаатларига ҳам жиддий зарба етади. Саудия нефт экспортининг муҳим қисми Қизил денгиз портлари орқали, қуруқлик қувурлари ёрдамида амалга оширилишини ҳисобга олсак, бу хавф янада муҳимлашади. Агар Яман ҳусийлари урушга тўлиқ кирса ва бўғозни ёпишга ҳаракат қилса, Саудия Арабистонининг иқтисодий салоҳияти сезиларли даражада зарар кўриши мумкин.
Бироқ ҳозирча ҳусийлар тўлиқ миқёсда урушга қўшилгани йўқ. Бу эса Эроннинг эҳтиёткор стратегиясини кўрсатади: у қарама-қаршилик узоқ давом этишини ҳисобга олиб, бу имкониятни “захира карта” сифатида сақлаб қолмоқда. Доналд Трамп ибораси билан айтганда, Эрон кейинги зарбалар учун яна бир “кузири”ни асраб турибди.
Шу сабабли, минтақада “бошқариладиган хаос” стратегияси устун, яъни кескинлик мавжуд, аммо у тўлиқ назоратдан чиқиб кетмаслиги керак. Чунки вазиятнинг издан чиқиши Саудия Арабистони манфаатларига мос келмайди.
БААга келсак, унинг позицияси Саудия Арабистониникидан фарқ қилади. Саудия нисбатан мўътадил ва дипломатик ечим тарафдори бўлса, Амирликлар анча қатъий позицияни эгаллаган. Бу айниқса Абу Мусо, Кичик Тонб ва Катта Тонб ороллари атрофидаги ҳудудий баҳслар билан боғлиқ. Амирликлар бундай тарихий имконият яна такрорланмаслигини ҳисобга олиб, кескинроқ сиёсат юритишга мойил.
Шунга қарамай, якуний мувозанатни белгилаётган омиллардан бири – Миср позициясидир. Мисрнинг нисбатан босиқ ва урушга қарши ёндашуви Саудия Арабистони ва Амирликларни тўғридан тўғри қарама-қаршиликдан тийиб турмоқда. Чунки бу икки давлатнинг ҳарбий салоҳияти Мисрникидек эмас. Миср тарихан Исроил, Буюк Британия ва Франция билан уруш тажрибасига эга. Саудия Арабистони ва Амирликлар эса асосан Ямандаги ҳарбий операциялар билан чекланган тажрибага эга.
Минтақадаги вазият мураккаб мувозанатга асосланган, ҳар бир томон ўз манфаатини ҳимоя қилган ҳолда, кенг кўламли урушдан қочишга ҳаракат қилмоқда.
Санжарбек Рашидов: Боб ал-Мандаб бўғози тобора стратегик аҳамият касб этиб, ҳатто Ҳўрмуз бўғозига ўхшаш иккинчи глобал “қайноқ нуқта”га айланиши мумкин. Бунинг бир неча сабаблари бор. Аввало, бор-йўғи 26,5 километр кенгликдаги бу бўғоз ҳарбий жиҳатдан жуда заиф ҳудуд ҳисобланади, яъни Яман ҳусийларининг ракета тизимлари унинг деярли исталган нуқтасига бемалол етиб бориши мумкин.
Бугунги кунда Саудия Арабистони урушгача бўлган нефт экспорти ҳажмини сезиларли даражада тиклашга эришди. Бу қандай амалга оширилди, деган савол туғилади, айниқса Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ хавфлар мавжуд бўлган шароитда. Аслида бу натижа айнан Боб ал-Мандаб йўналишидан фойдаланиш эвазига қўлга киритилди.
Саудия Арабистони мажбуран экспорт йўналишларини диверсификация қилди: нефт захиралари чўл ҳудудлари орқали Қизил денгиз портларига йўналтирилди ва шу орқали экспорт ҳажми 70–80 фоизгача тикланди. Маълумки, Саудия Арабистони дунёдаги энг йирик нефт экспорт қилувчи давлатлардан бири. Агар ҳозир иккала асосий йўналиш – ҳам Ҳўрмуз бўғози, ҳам Боб ал-Мандаб бўғози бир вақтнинг ўзида блокадага учраса, бу нафақат Саудия Арабистони, балки бутун жаҳон иқтисодиёти учун мисли кўрилмаган зарба бўлади.
Бундай ҳолат Саудиянинг ички сиёсий барқарорлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади, чунки иқтисодиёт ҳануз нефт даромадларига катта даражада боғлиқ. Шу билан бирга, Кўрфаз монархиялари аҳолиси юқори турмуш даражасига ўрганиб қолган. Улар кенг кўламли урушларга тайёр эмас ва бундай сценарийни истамайди.
Эрон эса, аксинча, узоқ йиллардан бери санкциялар шароитида яшаб келмоқда, доимий ташқи босимни ҳис қилиб келган ва шу сабабли ҳарбий-сиёсий сафарбарлик даражаси юқори давлат сифатида шаклланган.
Қизиқ жиҳати шундаки, “Боб ал-Мандаб” номи араб тилидан таржима қилинганда “мотам дарвозаси” ёки “кўз ёшлар эшиги” деган маънони англатади. Агар Яман ҳусийлари Эрон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиб, Қизил денгиз орқали ўтувчи савдо йўлларини ёпишга киришса ёки танкер ва савдо кемаларига ҳужум қилса, бу глобал миқёсда жиддий иқтисодий ва сиёсий инқироз – том маънода “мотам даври” бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
***
Суҳбатда Мисрнинг Кўрфаз араб давлатлари ва Исроил билан муносабатлари ҳамда Эрон уруши борасидаги позицияси ҳақида ҳам сўз борди. Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:09 / 15.04.2026
Саудия Арабистонида Ҳаж мавсумига тайёргарлик бошланди. Нималарни билиш керак?
14:17 / 15.04.2026
🔴 LIVE: Путинга юридик карт-бланш ва Ҳўрмуздаги мавҳумлик | “Геосиёсат”
21:18 / 14.04.2026
“Виктор Орбан Евроиттифоқ ичидаги энг катта чайқовчи эди” — сиёсатшунос
15:25 / 14.04.2026