АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув Исроилда Нетаняҳу ҳукуматига нисбатан танқидларни кучайтирди. 2023 йилдан бери Ғазо, Ливан, Яман, Сурия, Эрон ва ҳатто Қатарни бомбалаган Исроил халқаро репутацион йўқотишлар эвазига бирор стратегик ютуққа эришдими? Бу савол амалдаги бош вазирнинг қайта сайланишига шубҳаларни кучайтирмоқда. Чунки асосий иттифоқчи Трамп ҳам Нетаняҳудан норози.
АҚШ–Эрон сулҳи ташқаридан қараганда аниқ ва мантиқли кўриниши мумкин, лекин келишувнинг қанчалик узоқ сақланиб қолиши имзолаган тарафлардан ташқари, Исроилга ҳам боғлиқ. Агар Исроил ўз ҳарбий стратегиясини ўзгартирмаса, ҳар қандай битим узоққа бормайди.
Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида шу ҳақда сўз борди.
— Бу келишувнинг кафолатлари қанчалик мустаҳкам?
Шавкат Икромов: Агар Эрон музокараларга тайёр эканини намоён қилаётган бўлса, у муайян даражада прокси кучлар масаласини Қўшма Штатлар билан муҳокама қилиши керак. Зарурат туғилганда, ҳатто вақтинчалик бўлса ҳам, бу проксиларни тийиб туриш масаласини кўриб чиқишга тўғри келади. Бироқ Эроннинг проксилари билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари бевосита Исроилнинг ҳаракатларига ҳам боғлиқ.
Эрон томони "Ҳизбуллоҳ"ни бевосита тилга олмасдан, асосан Исроил Ливан жанубидан чиқиб кетиши кераклигини таъкидлаб келади. Яъни улар Ҳизбуллоҳни ҳимоя қилишдан кўра, Ливанни “тинч қўйиш” кераклигини урғулайди. Исроил эса ҳозирча Ливан жанубидаги ҳарбий иштирокини қатъий давом эттирмоқда. Натижада, Эроннинг проксилар билан алоқалари ва уларнинг Исроилга қарши ҳаракатлари айнан Исроил сиёсатига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Сўнгги пайтларда Исроил ичида ҳам танқидлар кучайган. Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг мухолифлари 2023 йилдан бери олиб борилган сиёсат натижаларини савол остига қўймоқда. Ғазо вайрон қилинди, Ливан жанубида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, Сурия ҳудудида операциялар олиб борилди ва Эрон билан кескинлик оширилди. Аммо бу ҳаракатларнинг аниқ стратегик натижаси нима, деган савол очиқ қолмоқда.
Танқидчиларга кўра, Исроил халқаро майдонда жиддий имиж йўқотишига дуч келди. Ғазода ўн минглаб инсонлар ҳалок бўлди, инфратузилманинг катта қисми вайрон қилинди, ҳудуднинг катта қисми деярли ер билан яксон этилди. Шунга қарамай, Исроил бу ҳудуд устидан юридик ёки сиёсий жиҳатдан тўлиқ назорат ўрнатгани йўқ.
Шунга ўхшаш вазият Ливан жанубида ҳам кузатилмоқда: йўқотишлар ортмоқда, бироқ аниқ стратегик ғалаба кўзга ташланмайди. Аксинча, "Ҳизбуллоҳ" сўнгги даврда тактик ва технологик жиҳатдан кучайиб, Исроилга қарши самаралироқ қаршилик кўрсатмоқда. Айрим маълумотларга кўра, илгари бир неча ой ичида бир неча аскар йўқотилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ойига ўн нафардан ошмоқда. Шу билан бирга, ҳусийлар ҳам технологик жиҳатдан кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

















