Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ва АҚШ сулҳи муддати тугамоқда, тинчлик келишуви эса ҳамон йўқ
Ҳўрмуз бўғози яна ёпилган. Музокараларнинг янги босқичи ўтказилиши аниқ эмас.
US Central Command Public Affairs / AFP / Scanpix / LETA
Америкалик ҳарбийлар Эроннинг «Туска» (Touska) номли юк кемасини Ҳўрмуз бўғозидаги қамални ёриб ўтишга уринишда айблаб, эгаллаб олганидан кейин Эрон ва АҚШ ўртасидаги сулҳ хавф остида қолди. 19 апрел куни АҚШ Хитойдан келиб, Эроннинг Бандар-Аббос портига ўтишга уринган контейнеровозга зарба берган. Кейин эса Америка денгиз пиёдалари кема бортига туширилган.
Теҳрон Вашингтонни сулҳни бузиш ва қароқчиликда айблади. Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Исмоил Бақоий АҚШ дипломатик жараённи давом эттиришга «жиддий» ёндашмаётгани, Эрон ўз талабларини ўзгартирмоқчи эмаслигини айтди. Эрон ҳарбий қўмондонлиги «Туска» контейнеровозига зарбага жавоб тариқасида Теҳрон Америка ҳарбий кемаларига дронлар билан ҳужум қилганини билдирди.
Ўтган ҳафта охирида Эрон Ҳўрмуз бўғозини очганди, аммо кўп ўтмай сув йўли яна ёпилди. 17 апрел, жума куни Эрон бўғозни барча тижорий кемалар учун вақтинча очганини эълон қилганди. Аммо шанба куниёқ Теҳрон кемалар қатновини яна тўхтатди. Ислом республикаси қуролли кучлари қўмондонлиги АҚШ Эрон портларини блокада қилишда давом этаркан, кемалар ҳаракатига тўсқинлик қилиши ҳақида огоҳлантирган. Кўп ўтмай Ҳўрмуз бўғозини кесиб ўтишга ҳаракат қилган бир неча кема ўққа тутилгани маълум бўлди. Америка блокадаси 12 апрелдан буён амал қилмоқда ва Вашингтон ҳозирча бундан воз кечишини маълум қилмади.
Икки томонлама блокада
Яқин Шарқдаги уруш бошланган 28 феврал куниёқ Ҳўрмуз бўғози амалда блоклаб қўйилганди. Эрон кемалар эгаларига Ҳўрмуз бўғозидаги асосий сув йўли миналар туфайли (сув йўли миналанганига далил йўқ) хавфсиз эмаслигини ва айрим танкерларни тўлов (ташилаётган ҳар бир баррел нефт учун бир доллар миқдорида) эвазига ўз соҳиллари яқинидан ўтказишни бошлашини маълум қилган.
Эроннинг бу йўналишни ёпиш қарори Яқин Шарқ нефтига қарам бўлган мамлакатларга жиддий иқтисодий зарар етказди ва бутун дунё бўйлаб энергия ташувчилар нархи ошишига олиб келди. Тинч даврда бутун дунё бўйлаб ташилувчи нефтнинг бешдан бир қисми ҳамда ва суюлтирилган газнинг катта қисми айнан шу бўғоз орқали олиб ўтиларди.
11-12 апрел кунлари Покистон пойтахти Исломободда ўтказилган музокараларнинг биринчи босқичи муваффақиятсиз якунлангач, Доналд Трамп денгиз блокадаси бошланишини эълон қилди. Америка ҳарбий-денгиз кучлари кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали Эрон портларига боришига ва Эрон портларидан чиқишига тўсқинлик қилишга киришди.
Шу тариқа, Трамп Теҳронни музокаралардаги асосий босим дастаги – Ҳўрмуз бўғозига кириш назоратидан маҳрум қилишга уринди. Блокада туфайли Эрондаги иқтисодий вазият ҳам кескин ёмонлашиши мумкин.
Ҳўрмуз бўғози бўйлаб ҳаракат амалда тўхтаб қолган. Сўнгги 12 соатда бу йўналиш орқали атиги учта кема ўтди, деб хабар беради Reuters агентлиги SynMax маълумотларни қайта ишлаш мутахассисларининг сунъий йўлдош таҳлили ва Kpler мониторинг платформаси маълумотига таяниб хабар берди. Таққослаш учун, Kpler маълумотига кўра, 18 апрел куни, Эрон блокадаси тиклангунича, бўғоз орқали нефт, суюлтирилган газ, металлар ва ўғит юкланган 20 дан ортиқ кема ўтганди. Бу 1 мартдан буён энг кўп миқдордаги кемалар ўтиши бўлган.
Трамп Америка делегацияси 20 апрел куни кечқурун музокараларни давом эттириш учун Исломободга етиб боришини маълум қилган. Оқ уй вакили Reuters’га айтишича, АҚШ делегациясига, музокараларнинг биринчи босқичида бўлгани каби, вице-президент Жей Ди Вэнс раҳбарлик қилади. Трампнинг ўзи олдинроқ Вэнс Исломободга бормаслигини айтганди. Америкалик музокарачилар сафида АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳам бўлиши кўзда тутилган. АҚШ президентининг сўзларига кўра, Вашингтон Теҳронга «адолатли ва оқилона келишув» таклиф этган. «Умид қиламанки, улар буни қабул қилади. Агар йўқ бўлса, АҚШ Эрондаги ҳар бир электр станциясини ва ҳар бир кўприкни истисносиз ишдан чиқаради. Энди мулозамат қилиб ўтирмаймиз! Улар жуда тез ва осон қулайди. Агар улар келишувга рози бўлишмаса, бошқа президентлар охирги 47 йил давомида Эрон билан қилиши керак бўлган ишни амалга ошириш мен учун шараф бўлади», – деб ёзди Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида.
Эрон музокараларнинг иккинчи босқичида иштирок этишини тасдиқламади. Иккинчи босқич бўлиб ўтиши аниқ эмас. Эроннинг Tasnim агентлиги Қўшма Штатлар Ҳўрмуз бўғозини блокада қилишда давом этаётгани туфайли Теҳрон АҚШ билан музокаралар учун Покистонга делегация юборишни режалаштирмаётганини хабар қилган. Эроннинг IRNA агентлиги эса денгиз блокадасидан ташқари «АҚШнинг ҳаддан ташқари талаблари ва уларнинг асоссиз ва нореал кутилмалари», Вашингтон «позициялари доимий ўзгариши», «зиддиятли баёнотлар» ва таҳдидларни музокараларга тўсиқ деб атади. Шу билан бирга, Reuters хабарига кўра, Покистонда музокараларга тайёргарлик давом этмоқда.
Исломободдаги музокаралар келишувга эришиш ёки сулҳни узайтириш учун сўнгги имконият бўлиши мумкин. 21 апрел – расман томонлар ой бошида келишиб олган ўт очишни тўхтатиш режимининг сўнгги куни ҳисобланади.
Эрон музокаралар Оқ уйнинг ҳийласи эканидан хавотирда, деб ёзади Axios. Трамп 19 апрел куни ушбу нашр билан суҳбатда сулҳнинг сўнгги куни яқинлашаётганига хотиржам қарашини айтди. «Битим концепцияси аллақачон келишилган. Ўйлайманки, уни охирига етказиш учун жуда яхши имкониятларимиз бор», – деди у. Бироқ журналистлар билан суҳбатлашган Эрон расмийлари АҚШ етакчисининг оптимизмига қўшилмаяпти ва унинг келишув ҳақидаги баёнотларига шубҳа билан қарамоқда, улар бу – АҚШнинг кутилмаган ҳужуми учун ниқоб бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Музокаралар ва сулҳ масаласидаги ноаниқлик нефт нархларига таъсир кўрсатди. Улар тахминан 5 фоизга ошди ва трейдерлар сулҳнинг бузилишидан хавотирга тушгани сабабли фонд бозорлари тебраниб кетди. Хусусан, Тошкент вақти билан соат 16:48 да Brent нефтининг фючерслари 4,8 фоизга ошиб, бир баррел учун 94,75 долларни ташкил қилди. Шу тариқа, нефт нархи 17 апрел куни Эрон бўғоз очилишини эълон қилганидан кейин юз берган пасайишнинг катта қисмини қайтариб олди. Ўшанда Brent нефти нархи деярли 10 фоизга – бир баррел учун 90 долларгача тушиб кетган эди.