Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Социалистик лагердаги бўлиниш — икки дўст давлат, Хитой ва Ветнам нега урушганди?
1979 йил 17 феврал куни Хитой армияси чегарани бузиб ўтиб, дўст давлат – Ветнамга бостириб киради. Ўртада уруш бошланади ва у бир ой давом этади. Ана шу муддатда ҳар бир томон 50 мингдан ошиқ ҳарбийдан айрилади. Ўн минглаб тинч аҳоли қурбон бўлади. Хўш, ўшанда бу икки давлат нега урушган эди?
Бугун Ветнам ва уруш сўзлари тилга олинганда барчанинг хаёлига 1965-1975-йилларда бўлиб ўтган Америка-Ветнам уруши келади.
Бироқ 20 асрнинг иккинчи ярмида Ветнам иштирокида яна бир уруш бор. Хитой-Ветнам уруши деб ном олган бу тўқнашувда икки дўст давлат Хитой ва Ветнам ўзаро жанг қилган.
Хитой-Ветнам уруши ҳақида СССР тарихида маълумотлар кам берилган. Совет тарих дарсликларига бу уруш тафсилотлари киритилмаган.
Чунки Хитой ва Ветнам СССР бошчилигидаги социалистик лагерга кирарди. Советлар эса социалистик лагер “дўст ва иноқ давлатлардан ташкил топганини” иддао қиларди.
Шу сабабли расмий Москва ўз таъсир доираси остидаги икки давлат ўртасидаги урушни “дўстлик, қардошлик” ҳақидаги баландпарвоз гапларга ишониб юрган совет халқи билишини хоҳламаган.

Хитой-Ветнам урушидан олдинги вазият
Бугун Ветнам социалистик республикаси деб аталадиган давлатнинг ташкил топиши осон бўлмаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам Ветнам жойлашган Ҳиндихитой яримороли европаликлар назоратида эди.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳудудда икки марта уруш бўлади. Биринчи Ҳиндихитой уруши деб номланган уруш 1946-1954-йилларда бўлиб ўтади.
Бу урушда Ҳиндихитойдаги халқлар мустақиллик учун курашишади ва натижада Ветнам, Лаос ҳамда Камбожа мустақилликка эришади. Ҳудуд шундан сўнг ҳам тинчимайди ва энди коммунистик ҳамда капиталистик тузум тарафдорлари ўзаро урушни бошлаб юборади.
Ана шу пайтда Ветнам ҳам иккига бўлинади. Унинг шимолий қисмини коммунистик тузум тарафдорлари, жанубий қисмини капиталистик тузум тарафдорлари эгаллайди.
1965 йилда Ветнамдаги фуқаролар урушига АҚШ ҳам қўшилади ва бу ерда 10 йил жанг қилади. Охир-оқибат америкаликлар мағлуб бўлади ва 1975 йилда ўз қўшинларини жанубий Ветнамдан олиб чиқади.
Шундан сўнг Ветнам бирлашади ва бу ерда коммунистик тузум ўрнатилади. Ветнам урушида шимолликларга СССР билан бирга Хитой ҳам ёрдам беради.

Бироқ 1975 йилда Ветнам ягона давлатга бирлашиб, социалистик республика ташкил топгач Хитойнинг бу давлатга нисбатан сиёсати ўзгара бошлайди. Афтидан, ўша пайтда Хитой жанубий чегараларида кучли давлат пайдо бўлаётганини ҳазм қила олмайди.
Хитойнинг Ветнамга нисбатан сиёсатини ўзгартиришига яна бир ҳодиса сабаб бўлади. 1975 йилда Камбожада (ўша пайтда бу давлат Кампучия деб аталган) ҳокимият тепасига Пол Пот бошчилигидаги ўзларини “қизил кхмерлар” деб атовчи гуруҳ келади. Ўшанда Пол Пот Хитойни ўзининг ягона иттифоқчиси деб эълон қилади.
1978 йил ноябрда Ветнам СССР билан дўстлик ва ҳамкорлик келишувини имзолайди. 25 декабрда Ветнам армияси Камбожага бостириб киради ва Пол Потни ағдариб ташлайди. Унинг ўрнига Ветнам билан дўстона алоқалар ўрнатиш тарафдори бўлган Хенг Самрин келади.
Камбожада ҳокимият алмашганини ва Хитойнинг дўсти бўлган Пол Потнинг ағдарилганини Пекин хавотирлар билан қаршилайди. Шундан сўнг Хитой ҳамда Ветнам ўртасидаги муносабатлар совийди ва охири бу урушга сабаб бўлади.
Уруш
1979 йил 17 феврал куни Ветнам чегарасида турган Хитой армиясига қўшни давлатга бостириб кириш буйруғи берилади.
Бир пайтнинг ўзида Хитой қуруқликдан ва ҳаводан Ветнамга ҳужум бошлайди. Қисқа муддатда мамлакат шимолидаги провинцияни босиб олади.

Феврал ойи охирида Хитой армияси яна бир провинция марказини эгаллайди. 4 май куни Лангшон вилояти ва унинг маъмурий маркази босиб олинади. Лангшон шаҳри эгаллангач Хитой армияси учун Ханой йўли очилади.
5 март куни Ветнамда умумий мобилизация эълон қилинади. Ўша куни Хитой Ветнамдан қўшинларини олиб чиқишини эълон қилади. Бироқ шундан кейин ҳам Хитой армияси қўшни давлат ҳудудини тўлиқ тарк этгунча жанглар давом этади.
1979 йил 19 март куни уруш бошланганига бир ой бўлганда Хитой ўз армиясини тўлиқ олиб чиқади ва уруш тугайди.
Томонларнинг йўқотишлари
Урушда Хитой армиясидан 200 мингдан ошиқ ҳарбий иштирок этади. Ветнам томонига кўра урушда Хитойнинг 600 минг ҳарбийси иштирок этган.
Уруш тугагандан сўнг ҳар икки томон ўз йўқотишларини анча камайтириб, душман томон йўқотишларини кўпайтириб кўрсатади.
Хитой томони маълумотлари:
· Ҳалок бўлган хитойлик ҳарбийлар – 6 954-8 531 нафар;
· Ярадор бўлган хитойлик ҳарбийлар – 14,8-21 минг нафар;
· Асирга тушган хитойлик ҳарбийлар – 238 нафар;
· Ҳалок бўлган ветнамлик ҳарбийлар – 30-57 минг нафар;
· Ҳалок бўлган ветнамлик партизанлар – 70 минг нафар;
· Асирга тушган ветнамлик ҳарбийлар – 1 636 нафар;
· Сафдан чиқарилган Ветнам танклари сони – 185 та;
· Сафдан чиқарилган Ветнам артиллерия қурилмалари – 200 та.
Ветнам томони маълумотлари:
· Ҳалок бўлган хитойлик ҳарбийлар – 26 минг нафар;
· Ярадор бўлган ва бедарак йўқолган хитойлик ҳарбийлар – 36 минг нафар;
· Сафдан чиқарилган Хитой танклари сони – 420 та;
· Сафдан чиқарилган Ветнам артиллерия қурилмалари – 66 та.
Ғарб давлатлари маълумотлари:
· Ҳалок бўлган хитойлик ҳарбийлар – 26 минг нафар;
· Ярадор бўлган хитойлик ҳарбийлар – 37 минг нафар;
· Ҳалок бўлган ветнамлик ҳарбийлар – 30 минг нафар;
· Ярадор бўлган ветнамлик ҳарбийлар – 32 минг нафар;
· Ҳалок бўлган ветнамлик тинч аҳоли сони – 10 минг нафар;
Шунингдек, Ғарб давлатлари маълумотларига кўра бир ой давом этган урушда Хитой армияси Ветнамда 45 мингта бинони вайронага айлантиради.
Уларнинг 900 таси мактаб, 428 таси шифохона, 25 та кон шахтаси, 55 та ишлаб чиқариш корхонаси бўлган.
СССРнинг Ветнамга ёрдами
Хитой армияси Ветнамга бостириб киргандан икки кун ўтиб, 19 феврал куни совет ҳукумати махсус баёнот билан чиқади. Унда шундай дейилганди:
“Совет иттифоқи СССР ҳамда Ветнам социалистик республикаси ўртасида имзоланган дўстлик ва ҳамкорлик келишуви доирасида ўз мажбуриятларини бажаради”.
Ўша куннинг ўзида армия генерали Геннадий Обатуров бошчилигида 20 нафар юқори лавозимли ҳарбий маслаҳатчи ва мутахассис Ветнамга учиб кетади.
Гуруҳ Ветнамга етиб боргач қўмондонларга Хитой армиясига қарши урушиш бўйича тактик маслаҳатлар беради. Натижада ветнамликлар Хитой армиясининг ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлади.
Шунингдек, советлар СССРнинг Мўғулистон ва Хитой билан чегараларидаги ҳарбийлар сонини оширади. Жумладан, Туладаги ҳаво-десант қўшинлари Чита шаҳрига кўчирилади.
Узоқ Шарқда жойлашган Тинч океани флотига тегишли бир қанча кемалар Ветнам ҳарбий-денгиз флотини қўллаш учун Жанубий Хитой денгизига юборилади.
Бундан ташқари, советлар уруш бошлангандан сўнг Ветнамга денгиз орқали 400 та танк ҳамда бошқа зирҳли жанговар транспортлар, 400 та тўп ва миномёт, яна 20 та ҳарбий самолёт етказиб беради.
Ўшанда советларнинг Ветнамга ёрдам бериши Хитой томонига ёқмайди ва оқибатда гарчи улар социалистик лагерга кирса ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада совийди.

Жумладан, 1979 йил апрелда Хитой СССР билан 1950 йилда имзоланган “Дўстлик, иттифоқ ва ўзаро ёрдам ҳақидаги Совет-Хитой шартномани бир томонлама бекор қилади.
Ўшангача 1969 йилда Даман ороли учун ҳам Хитой ва СССР ўртасида қуролли можаро юз берган, бироқ Хитой дўстлик ва иттифоқ шартномасини бекор қилмаганди.
Урушдан кейинги сиёсий вазият
Уруш тугагандан сўнг ҳар икки томон ҳам ўзини ғолиб деб эълон қилади. Жумладан, Ветнам томони Хитой босқинини муваффақиятли бартараф этгани ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги асраб қолингани ҳақида жар солади.
Хитой томони эса Ветнам армияси ҳамда иқтисодиётига жиддий зарар етказганини ва мақсадга эришганини таъкидлаб чиқади.
Ўша пайтда ғарблик тадқиқотчилар уруш Хитой учун кўнгилсиз тарзда кечганини қайд этади. Шу билан бирга Хитойнинг ғалабаси ҳақида айтиладиган бошқа фикрлар ҳам бор.
Хитой-Ветнам урушига баҳо беришда энг мураккаб масала шундаки, Хитой ўшанда қўшни давлатга нима мақсадда бостириб киргани аниқмас. Чунки Ветнам Хитойга ҳеч қандай дахл қилаётгани йўқ эди. Шунчаки бу давлат Камбожага қўшин киритиб, унинг раҳбари алмашишига сабаб бўлганди.
Бошқа томондан олиб қаралганда Ветнам армиясининг Камбожага бостириб кириши ҳам ўз-ўзидан эмас, Москва буюртмаси билан содир бўлгани ҳақиқатга яқинроқ. Яъни Камбожада раҳбар алмашувини Ветнам эмас, кўпроқ Москва хоҳлаган.
Хитой Ветнамга бостириб кириб учта провинцияни эгаллайди ва у ердаги корхоналар, одамларнинг уйлари, мактаб ҳамда шифохоналар вайрон бўлади. Бироқ Хитой ҳарбийлари Ветнам армиясига жиддий зиён етказа олмайди.

Чунки Хитой армиясини энг аввал Ветнам партизанлари қарши олади ва уларга жиддий талофат етказади. Чунки уларда америкаликларга қарши жангларда орттирилган тажриба бор эди.
Шундан келиб чиқилса, Хитойнинг босқини Ветнам армиясини армиясини кучсизлантирмайди. Қолаверса, гарчи қўшни давлатга бостириб кириб, унинг анча ҳудудини эгаллаган бўлса-да Хитой томонининг йўқотишлари ҳам кам эмасди.
Ана шу урушда Хитой армиясининг камчиликлари кўзга ташланиб қолади. Урушдан сўнг бу давлат ўз армиясини модернизация қила бошлайди.
Ғарблик тадқиқотчи Брюс Эллеман Хитойнинг Ветнамга ҳужуми Камбожа учун эмасди деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Хитой урушда ғалаба қозониб, Ветнамни ўз таъсир доирасига олишни хоҳлаган. Бироқ бу юз бермайди.
Шунингдек, Эллеманга кўра, Хитой Ветнамга ҳужум қилиб бунга СССРнинг муносабатини билишни хоҳлаган бўлиши ҳам мумкин.
Уруш пайтида СССР Муғулистон ва Хитой билан чегарасига қўшимча кучлар ташлаши ва уларни жанговар ҳолга келтириши Хитойни сергак торттиради.
Урушдан кейинги тўқнашувлар
Хитой ҳамда Ветнам ўртасидаги муносабатлар урушдан кейин ҳам таранглигича қолади ва яна кўп марта икки давлат ўртасида қуролли низолар юз беради. Жумладан, 1980 йилдан 1987 йилгача бир неча бор чегарада қуролли тўқнашувлар содир бўлади.
Маълумотларга кўра, 1979-1990 йиллар оралиғида Хитой ва Ветнам ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашувларда ҳар икки томондан минглаб одамлар ўлади.
Ҳар икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги чегара тўқнашувларининг энг йириги 1984 йилда бўлиб ўтади. Ўша йили апрелда Ветнам армияси Камбожадаги исёнчи кучларга зарбалар беради.
Шунда Хитой ҳукумати яна ўз иттифоқчиларини қўллаш учун Ветнамнинг чегара ҳудудларига артиллерия зарбалари беради. Сўнг июл ойида Ветнамнинг чегараолди ҳудудларига бостириб киради. Икки ўртада яна қуролли тўқнашув бошланади.
Бу тўқнашув 1984 йил 4 августгача давом этади ва унда томонлар жиддий йўқотишларга учрайди. Жумладан, Ветнам томони 600 аскаридан, Хитой эса 1000 нафар аскари ҳалок бўлганини билдиради.
Бироқ 1979 йилдаги урушда бўлганидай ҳар икки томон рақиби бир неча минг нафар аскардан айрилганини даъво қилади.
Хитойнинг ҳудуд даъволари
Бугун Хитой қуруқликда 14 та давлат – Россия, Мўғулистон, Шимолий Корея, Ветнам, Лаос, Мянма, Непал, Бутан, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарадош.
Шунингдек, бу давлат денгизда Япония, Жанубий Корея, Шимолий Корея, Филиппин, Ветнам, Малайзия, Бруней ва Индонезия билан чегарага эга.

Хитойнинг қуруқликда ҳам, денгизда ҳам аксарият қўшниларига нисбатан ҳудудий даъволари бор. Бу даъволар 1949 йилда Хитой халқ республикаси тузилиб, мамлакат коммунистлар бошқарувига ўтгач пайдо бўлган.
Хитойнинг Россияга ҳудуд даъволари асосан Узоқ Шарқдаги Амур ва Уссури дарёларида жойлашган ороллар билан боғлиқ. СССР парчаланиб кетгач Россия уларнинг айримларини Хитойга топширди. Бошқалари бўйича Хитойнинг даъволари сақланиб қолмоқда.
Жумладан, 2004 йил Путин Хитойга амалга оширган давлат ташрифи давомида Хабаровск ўлкасида жойлашган Катта Уссурийск ороли ярмини ва Тарабаров оролини Хитойга бериш ҳақидаги ҳужжатларни ҳам имзолайди. 2008 йилда Катта Уссурийск ороли ярми ва Тарабаров ороли узил-кесил Хитойга топширилади.
2014 йилда Хитой томони Россияни Уссури дарёсида жойлашган Даман оролини ҳам ўзига беришга кўндиради. Ўша пайтда оролда россияликларнинг уйлари бор эди ва у ерда анча одам яшарди. 2014 йилда орол Хитойга ўтгач россияликлар Дамандан бошқа жойга кўчирилади.
Россия ОАВларида ёзилишича, Путин бошқаруви даврида умумий ҳисобда Россия Узоқ Шарқда, Амур ва Уссури дарёларида жойлашган турли катталикдаги 600 дан ошиқ оролларни Хитойга топширган.
Шунингдек, сўнгги йилларда Хитой ва Ҳиндистон ўртасида Ҳимолай тоғларида жойлашган ҳудуд учун зиддиятлар кучайди. Чегара ҳудудларда тез-тез отишмалар, кичик қуролли можаролар юз бермоқда.
СССР тарқаб кетгач Хитой бизга қўшни бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам маълум ҳудудларни олди.
Жумладан, 1998 йилда Алматида ўтказилган “Шанхай бешлиги” (Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти бошида шундай деб аталган) саммитида Нурсултон Назарбоев ва Хитой раҳбари Цзян Цзенмин Жаланашкўл атрофидаги баҳсли ҳудудларни Хитойга топшириш ҳақидаги келишувни имзолайди. Шу тариқа Хитой Қозоғистондан қарийб 1 000 км кв ерни олишга муваффақ бўлади.
2011 йилда Хитой Тожикистондан, Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудидан 1,1 минг км кв (мамлакат ҳудудининг қарийб 1 фоизи) ҳудудини олади.

Шунингдек, Хитой Қирғизистондан ҳам анча ҳудудни олади. Жумладан, 1999 йилда Аскар Акаев хитойликлар билан баҳсли ҳудудлардан бири бўйича келишувга эришади.
Натижада Хитой Узонгу-Кууш ҳудудидан 161 км кв ерни олишга муваффақ бўлади. Бу хитойликлар талаб қилган ернинг 39 фоизи эди. Хитойга берилган ҳудудда қирғизлар учун муқаддас бўлган Хон Тангри чўққиси ҳам бор эди.
Бундан ташқари, Хитой Япон денгизи, Жанубий Хитой денгизи ва Тинч океанидаги ўз ҳудудларига туташ бошқа денгизларда активликни оширди. Бу эса Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Филиппин, Ветнам каби давлатлар билан баҳсларни келтириб чиқармоқда.
Мавзуга оид
16:24 / 19.04.2026
Робот пойгада инсон ўрнатган рекордни янгилади
16:46 / 13.04.2026
CNN: Хитой Эронга қурол-яроғ етказиб беришга тайёрланмоқда
18:04 / 12.04.2026
Хабаровск ўлкасида хитойлик ишчилар намойиш уюштирди
23:16 / 10.04.2026