Жаҳон | 19:02
1485
10 дақиқада ўқилади

Уруш тугаганига ишонмаган “самурай” – 1974 йилгача Филиппинда жанг қилган япон зобити ким эди?

1974 йилда Филиппинда 52 ёшли япон зобити мамлакат ҳарбийларига таслим бўлади. Маълум бўлишича, Иккинчи жаҳон урушидан буён Филиппинда қолиб келаётган бу япон узоқ йиллар давомида қалин ўрмонда яшаб, Япониянинг 1945 йилда таслим бўлганини билмаган ҳолда филиппинликларга қарши жанг қилган.

1930-йилларнинг иккинчи ярмида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган Япония учун Иккинчи жаҳон уруши аламли мағлубият билан тугайди.

Урушгача Сахалин оролидан Австралия қитъаси шимолигача жуда катта ҳудудни қўлга киритган японлар 1941 йил декабрда АҚШнинг Ҳавай оролларида жойлашган Перл Ҳарбор авиабазасини бомбардимон қилади.

Шундан сўнг ўша пайтда ҳарбий қудрат жиҳатдан энг кучли давлатларнинг бири бўлган АҚШ Японияга уруш эълон қилади.

1945 йил майда Фашистлар Германияси енгилгач, СССР, Британия, Франция ва АҚШдан иборат иттифоқчилар ўз кучларини Японияга қарши урушга ташлайди.

1945 йил август ойи бошларида АҚШ ҳарбийлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига иккита атом бомба ташлайди. Оқибатда ҳар икки шаҳар култепага айланади ва бир неча юз минг одам ҳалок бўлади.

Император Хирохито / ddaymuseum.com

1945 йил 15 август куни император Хирохито Япония сўзсиз таслим бўлгани ҳақида эълон қилади. Сентябр ойи бошларида шу ҳақдаги акт имзоланади. Шу билан Иккинчи жаҳон уруши тугайди. Аммо ҳамма учун эмас.

Ўша пайтда Жанубий-Шарқий Осиёдаги аксарият давлатларда Япония армияси бўлинмалари бор эди. Уларнинг аксарияти ўз давлатининг таслим бўлганини эшитиб ортга қайтади. Айримлар эса уруш тугаганини билмайди ва жанг қилишда давом этади.

Ҳатто уларнинг баъзилари 1970 йилларгача Япониянинг таслим бўлганини билмаган ҳолда ўрмонларда қолиб, маҳаллий аҳолига ва полиция бўлимларига ҳужумлар уюштириб туради. Ана шуларнинг бири Хиро Онода исмли зобит эди.

Савдогардан чиққан зобит

1922 йилда туғилган Хиро Онода мактабда ўқиб юрган пайтларида япон миллий қиличбозлик санъатидан дарс олади. Мактабни битиргач, хусусий компанияларнинг бирига ишга киради.

Ўша пайтда Хитойнинг бир қисми японлар бошқарувида эди ва компания Онодани шу мамлакатдаги бўлимига ишга юборади.

1942 йилда у ҳарбий хизматга чақирилади ва Онода Японияга қайтади. У ҳарбий фаолиятни оддий аскарликдан бошлайди, кейинроқ ҳарбий билим юртида ўқиб зобитга айланади.

alamy.com

1944 йилда Онода Филиппинга юборилади Ўша пайтда бу давлат Япония мустамлакаси эди. Япон ҳарбийлари бу ерда партизанлар ва уларга ёрдам бераётган АҚШ ҳарбийларига қарши жанг қилаётганди.

22 ёшли зобит Филиппиндаги хизматни махсус бўлинма қўмондони сифатида бошлайди.

Кўп ўтмай АҚШ армияси японларни Филиппиндан сиқиб чиқаради. 1945 йилда Япония армияси Филиппинни тарк этишидан аввал Онода шу мамлакатга тегишли Лубанг оролига юборилади.

Ўшанда оролга жўнаб турган Онодага армия штаби қўмондони шундай дейди:

“Ўз жонига қасд қилиш мутлақо тақиқланади. Сен 3-5 йилча сабр қил. Биз, албатта, қайтамиз. Сен ёлғиз қолсанг ҳам, ўрмондаги мевалар билан озиқланиб бўлса-да, жангни давом эттир. Қайтараман, ўзини ўлдириш қатъиян тақиқланади”.

Шу тариқа, Онода Лубанг оролига жўнаб кетади. Япония армияси эса Филиппинни бутунлай тарк этади.

Япониянинг таслим бўлганига ишонмаган жангчи

1945 йил 2 сентябр куни Япониянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги акт имзоланади. Ўша пайтда Жанубий-Шарқий Осиёнинг аксар мамлакатларида кам сонли бўлса-да япон ҳарбийлари бор эди.

Замонавий алоқа воситалари бўлмаган ўша даврда америкаликлар барчани японларнинг таслим бўлгани ҳақида хабардор қилиш учун авиация ёрдамида варақалар сочиб чиқади.

Лубанг оролида бўлган Онода ҳам бундай варақаларни кўради. Бироқ унда ёзилган гапларга ишонмайди. У америкаликлар японларни топиш ва қўлга тушириш учун шундай ҳийла ишлатяпти деб ўйлайди.

1945 йилнинг охирроқларида Лубанг оролидаги ўрмонлар устидан Япониянинг 14-армияси қўмондони Томоюки Ямаситанинг япон ҳарбийларига қуролларни топшириш ва таслим бўлиш ҳақидаги буйруғи ёзилган варақалар ҳам ташланади. Онода бунга ҳам ишонмайди.

Асир тушган япон ҳарбийлари / alamy.com

Ўша пайтда Лубанг оролида Онода ёлғиз эмасди. Яна бир қанча япон ҳарбийлари бор эди. Улар ҳам Онодага ўхшаб аввалига Япония таслим бўлганига ишонмайди.

1946 йил бошларида Лубангдаги япон ҳарбийларининг бир қисми Филиппин ҳарбийлари билан бўлган жангларда ҳалок бўлади. Ўша йили апрелда 50 га яқин япон ҳарбийлари филиппинликларга таслим бўлади.

Бироқ Онода таслим бўлмайди ва у қўл остидаги уч киши билан қаршиликни давом эттиради. 1946 йилда алоқа узилгани учун Япония ҳукумати Онода ва унинг гуруҳини ҳалок бўлганлар рўйхатига қўшиб қўяди.

1950 йилда Оноданинг гуруҳида бўлган аскар Юити Акацу филиппинликларга асир тушади. Уни Японияга жўнатиб юборишади. Акацу ватанга қайтгач, Онода ва яна икки нафар япон ҳарбийлари қаршилик кўрсатишда давом этаётгани ҳақида гапиради.

Японлар Онода ва унинг шерикларини ҳам ортга қайтариш учун Филиппин томонга улар турган жой ҳақида хабар беради. Бироқ япон ҳарбийларини топиб бўлмайди. Чунки Онода қўл остидагилар билан жойини ўзгартирганди.

1954 йилда Оноданинг яна бир шериги Филиппин армияси билан содир бўлган отишмада ҳалок бўлади. Энди гуруҳда икки киши қолади.

oddee.com

Ўша йили Япония ҳукумати Филиппин оролларида қолиб кетган ўз ҳарбийларини қидириб топиш учун махсус комиссия тузади. Комиссия Филиппиндан тегишли рухсатномани олади ва ҳарбийларни излаш бошланади.

Японлар Акацу берган маълумотлар асосида қарийб олти йил қидирув ишларини олиб боради. Бироқ натижа бўлмайди. 1959 йилда Онода ва унинг шериклари яна ҳалок бўлган деб эълон қилинади.

Бироқ Онода ҳалок бўлмаган ва қўл остидаги бир нафар аскар билан қалин ўрмонлар ичида яшириниб юрганди.

Ёлғиз самурай

1972 йилда Филиппин ҳарбийлари Оноданинг шеригини ўлдиради ва у ёлғиз қолади. Бироқ шунда ҳам қаршиликни давом эттиради.

Онода яна икки йил ёлғиз ҳолда Филиппин армияси ва полиция ходимларига қарши партизанлик уруши олиб боради.

1974 йилда Норио Судзуки исм-шарифли талаба Филиппинга отланади. Унинг мақсади Онодани қидириб топиш эди. Судзуки Лубанг оролидаги қалин ўрмонларда тўрт кун кезади ва Онодага дуч келади.

Норио Судзуки Хиро Онода билан, Филиппин / en.wikipedia.org

Ўшанда қалин ўрмонда яшириниб юрган Онода қуролсиз юрган йигитни кўради. Сўнг уни филиппинлик деб ўйлаб, ҳужум қилиш учун йигитнинг рўпарасига чиқади.

Талаба йигит негадир уни кўриб қочмайди ва япон тилида гап бошлайди. Талабанинг япон эканини билган Онода унга тегмайди. Шу жойда Судзуки Онодага Япония 1945 йилда таслим бўлганини айтади. Шунда у йиғлаб юборади.

Ўшанда Судзуки Онодани ватанга қайтишга даъват қилади. Бироқ зобит ўз қўмондони буйруқ бермагунча Лубанг оролини тарк этмаслигини ва қаршиликни тўхтатмаслигини айтади.

Судзуки Японияга қайтади ва Оноданинг тириклиги ОАВ орқали бутун мамлакатга маълум бўлади. Шундан сўнг Япония ҳукумати Оноданинг собиқ қўмондон Ёсими Танугитига алоқага чиқади.

1974 йилда Танугити Лубанг оролига боради ва Онода билан алоқа боғлаб, 1945 йилда берилган буйруқни бекор қилади. Шундан сўнг Онода филиппинликларга таслим бўлади. Ўша пайтда у 52 ёшда эди.

Филиппин қонунларига кўра узоқ йиллар давомида ҳарбийларга ва полицияга ҳужум қилган, маҳаллий аҳолини ўлдирган Онодани ўлим жазоси кутаётганди.

Чунки қарийб 30 йил давомида Онода ўз шериклари билан 30 дан ортиқ филиппинликни ўлдирган, 100 дан ортиқ одамни ярадор қилганди.

Бироқ ўртага Япония ташқи ишлар вазирлиги тушади ва Филиппин ҳукуматидан кекса зобитни афв этишни сўрайди. Филиппинликлар уни кечиришади.

alamy.com

Оноданинг таслим бўлиш маросимида Филиппин президенти Фердинанд Маркос ҳам иштирок этади. Япон зобити таслим бўлганини англатиш мақсадида қўлидаги қилични шахсан президентнинг ўзига топширади.

Шон-шуҳратга бурканган зобит

1974 йил 12 март куни Онода Японияга қайтиб келади. Ўша пайтда унинг ота-онаси ва бошқа яқинлари тирик эди. Аэропортда уни акаси, 86 ёшли отаси ва 88 ёшли онаси, ҳукумат мулозимлари ҳамда кўп сонли ОАВ вакиллари кутиб олади.

Японияда Онода миллий қаҳрамон сифатида қаршиланади. Телеканаллар у ҳақда кўрсатувлар тайёрлайди. Газеталарда мақолалар эълон қилинади.

Бироқ кекса зобитни совуқ қаршилаганлар ҳам бўлади. Япония комунистик партияси, социал-демократик партия вакиллари шулар жумласидан эди.

Япония ҳукумати Онодага 1 млн иена миқдорида мукофот пули ажратади. Бироқ “кекса самурай” пулларни хайрия қилиб юборади.

Филиппин чангалзорларида юрган Онода ўша пайтда юксак тараққиётга эришган Япониядаги турмуш тарзига мослаша олмайди. У акаси билан Бразилияга кўчиб кетади. Кейинчалик у бир муддат Японияда, яна бир муддат Бразилияда яшайди.

1996 йилда Онода Лубанг оролига ташриф буюради ва ҳаётининг қарийб 30 йили ўтган жойларни томоша қилади. Бир пайтлар ўзи зарар етказган мактабга 10 минг доллар хайрия қилади.

alamy.com

Хиро Онода 2014 йил 16 январ куни Токиода 92 ёшида вафот этади. Унгача Онода Бразилиянинг олий мукофотини олади. 2011 йилда эса Лубанг оролида унга бағишланган сайёҳлик мажмуаси барпо этилади.

Қисқаси, урушдан сўнг қарийб 30 йил ўз қўмондонлари буйруғига содиқ қолган “самурай” умрининг охиригача шон-шарафга бурканиб яшайди.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид