Ўзбекистон | 22:05 / 27.04.2026
877
3 дақиқада ўқилади

Президент Марғилондаги “Бурҳониддин Марғиноний” туризм мажмуаси билан танишди

35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишди.

Таъкидланишича, миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туризм талаблари уйғунлашган ушбу мажмуа қадим шаҳар ичидаги шаҳарчадир. 35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.

Аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш мажмуанинг асосий йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш кўзда тутилган.

Мажмуада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган. Унинг деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.

Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.

Давлат раҳбари мажмуа бўйлаб бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, бозор расталари билан танишди. Жамоатчилик вакиллари билан суҳбат қурди.

Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.

Шунингдек, “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси тажрибасини Бухородаги “Боқий Бухоро”, Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги “Ахсикент” ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид