Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
INMerge инновациялар саммити Roadshow туркумини Тошкентда давом эттирди
INMerge Istanbul анжуманидан сўнг INMerge инновациялар саммити ўзининг Roadshow туркумини Тошкентда давом эттирди. Тадбир Марказий Осиёнинг тез суръатларда ривожланаётган рақамли экотизимини муҳокама қилиш учун стартаплар, венчур сармоя ва корпоратив инновациялар соҳасидаги маҳаллий ва халқаро етакчиларни бир жойга тўплади.
Дастур Caspar Craven’нинг «Янги дунёни эски хариталар билан бошқариб бўлмайди: ўзгариш янги фикрлашни талаб қилади» мавзусидаги асосий нутқи билан очилди. Унда ўзгарувчан шароитда мослашувчан фикрлаш ва етакчиликнинг аҳамиятига урғу берилди.
«Кундалик экотизимлар: маҳсулотни мижоз йўли асосида яратиш» мавзусидаги панелда иштирокчилар мижозга йўналтирилган ва узлуксиз ишлайдиган платформалар фойдаланувчи тажрибасини қандай ўзгартираётгани ҳақида фикр алмашди. Муҳокамада Uzum’нинг маҳсулот ва технологиялар бўйича директори Kevin Khanda, Paynet бош директори Анвар Исамухамедов, Bir Ecosystem’да маҳсулот, маркетинг ва мижоз тажрибаси учун масъул Максим Евдокимов, Yandex Uzbekistan’нинг финтех йўналиши раҳбари Семён Моргунов ҳамда TBC Uzbekistan’нинг мижоз тажрибаси бўйича директори Сергей Чекалкин иштирок этди. Суҳбатни Ўзбекистон Финтех ассоциацияси раиси ва ўсиш бўйича директор Наргис Дўстматова олиб борди. Муҳокамада технология, маълумот ва мижоз тажрибасини уйғунлаштириш орқали оммавий ва кундалик эҳтиёжларга мос ечимлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Инвестициялар ва минтақавий ривожланишга бағишланган «Рақамли Ипак йўлини фақат сармоя билан барпо этиш мумкинми?» мавзусидаги панелда молия, инфратузилма ва стратегик ёндашув ўртасидаги боғлиқлик муҳокама қилинди. Сессияни AICA – Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси бошқарув директори Беҳзод Исмоилов олиб борди. Унда PASHA Financial Holding’да инновациялар раҳбари ва INMerge Ventures бошқарувчи ҳамкори Tughra Musayeva, MOST Holding бош директори ва ҳаммуассиси Алим Ҳамитов, IT Park Ventures бош директори Далер Нодиров, UzVC бошқарувчи ҳамкори Абдулазал Тошхўжаев ҳамда DOMiNO Ventures бошқарувчи ҳамкори Mustafa Kopuk иштирок этди. Мутахассислар фикрича, сармоя муҳим бўлса-да, барқарор экотизим учун малакали кадрлар, аниқ қоидалар ва халқаро ҳамкорлик ҳам зарур.

Roadshow якунида стартаплар танлови ўтказилди ва уларни етакчи минтақавий инвесторлар баҳолади. Ғолиб бўлган учта жамоа 2026 йил 8–9 октябр кунлари Бокуда бўлиб ўтадиган асосий INMerge саммитида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Биринчи ўринни олган “Screenix AI” тўлиқ молиялаштирилади, “UGC Market Uzbekistan” ва “Redeem” эса қисман қўллаб-қувватланади.

2026 йилги Roadshow туркуми доирасида Тошкент тадбири минтақанинг инновацион салоҳияти ортиб бораётганини намоён қилди. Шу билан бирга, INMerge турли экотизимлар, сармоя ва ғояларни бирлаштирувчи майдон сифатида ўз ўрнини янада мустаҳкамлади.