Ўзбекистон | 00:50
444
2 дақиқада ўқилади

«Чорсу» метро бекатига сув киришига ирригация ва дренаж тизимларининг ўз вақтида тозаланмаганлиги сабаб бўлгани айтилди

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сувнинг катта қисми ирригация-дренаж тизими орқали табиий равишда чиқиб кетганлигини билдирганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Тошкент метрополитени” ДУК «Чорсу» метро бекатига сув тошганлиги юзасидан тарқалган хабарлар бўйича расмий муносабат берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат 3 май куни Тошкент шаҳрида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган. Хусусан, шаҳар ҳудудларидаги ирригация ва дренаж тизимларининг ўз вақтида тозаланмаганлиги ҳамда ортиқча юклама остида қолиши сабабли сув оқимлари айрим жойларда тўпланиб, «Чорсу» метро бекати ҳудудига ҳам кириб келган.

“Таъкидлаш жоизки, метрополитен иншоотлари белгиланган тартибда доимий техник назоратдан ўтказиб борилади ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар ва шаҳар ҳокимлигига илгари ҳам бир неча бор расмий мурожаатлар киритилган.

Ҳозирги вақтда вазият метрополитен ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган, зарур чоралар кўрилган ҳамда бекат инфратузилмасининг хавфсиз ва барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда”, дейилади муносабатда.

Қўшимча қилинишича, «Чорсу» метро бекатида вазият тўлиқ барқарорлашган. Поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида узлуксиз амалга оширилмоқда. Бекат ҳудудига сув оқиб кириш ҳолати тўлиқ бартараф этилган.

Шунингдек, бекат ички қисми ҳамда кириш-чиқиш йўлаклари метрополитен ходимлари томонидан тўлиқ тозаланиб, йўловчилар учун хавфсиз ва қулай шароитлар қайта тикланган.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сувнинг катта қисми ирригация-дренаж тизими орқали табиий равишда чиқиб кетганлигини билдирганди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид