Жаҳон | 19:21
497
5 дақиқада ўқилади

“Ножўя таъсирлари ҳақида етарлича огоҳлантиришмаган” — АҚШда “оздирувчи воситалар” устидан шикоятлар кўпайди

Сўнгги йилларда тез озиш воситаси сифатида оммалашган Mounjaro, Ozempic, Wegovy ва бошқа GLP-1 дорилари атрофида АҚШда оммавий суд жараёнлари кўпаймоқда. Ҳозиргача уларнинг ножўя таъсирлари ортида судларга 4 мингдан ортиқ даъво аризаси келиб тушган.

Фото: Getty Images

Endocrinology Advisor нашрига кўра GLP-1 дори воситалари билан боғлиқ 4000 дан ортиқ ариза катта федерал суд жараёнлари доирасида кўриб чиқилмоқда.

GLP-1 дорилари нима?

GLP-1 (glucagon-like peptide-1) – бу инсон танасида ишлаб чиқариладиган гормон бўлиб, унинг вазифаси қонда шакар миқдорини назорат қилиш, иштаҳани камайтириш, овқат ҳазм бўлишини секинлаштиришдан иборат ва шу сабабли сўнгги йилларда жуда оммалашди. Бу воситалар асосан диабет учун қўлланади. GLP воситалари Ўзбекистонда ҳам кенг урфга кирган. Бироқ улар кўпроқ озиш мақсадлари учун ишлатилмоқда. АҚШда бу жараён тахминан 3 йил аввал бошланганди ва ҳозирга келиб уларнинг қарши таъсирлари туфайли одамлар GLP ишлаб чиқарувчи компанияларни судга бера бошлади.

Нега суд қилиняпти?

Суд даъволарида беморлар ва уларнинг адвокатлари фармацевтика компаниялари дорининг эҳтимолий хавфларини тўлиқ очиқламаганини даъво қилишяпти. Уларнинг аризаларида ёзилишича, дорилар рекламаси жуда ижобий таъсирда кўрсатилган, фойдаланувчилар жиддий ножўя таъсирлардан етарлича огоҳлантирилмаган, дориларнинг айрим хавфлари кейинроқ маълум бўла бошлаган.

Суд материалларида бир неча турдаги салбий таъсирлар кўп тилга олинмоқда. Масалан, аризачиларнинг айримлари ошқозон ва ичак муаммоларига дуч келишганидан шикоят қилишган. Уларда ҳазм тизимининг кескин секинлашиши, қаттиқ кўнгил айниши ва қайт қилиш юз берган. Баъзи ҳолатларда ичак тўсилиши каби жиддий асоратлар содир бўлган. Бу ҳолатлар тиббиётда “гастропарез”, яъни ошқозон фалажи дейилади. Ошқозон фалажида ошқозон билан боғлиқ нервлар ишдан чиқади, овқатни ҳазм қилиб ичакка ўтказа олмайди. Бу эса саломатликда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари Ozempic, Wegovy, Mounjaro каби GLP-1 гуруҳига кирувчи дориларни қабул қилганлар кўз билан боғлиқ муаммоларга дуч келишгани учун уларни ишлаб чиқарувчиларни судга беришган. Бу дориларини қабул қилган беморларда кўриш қобилиятига таъсир қилувчи касалликлар, жумладан кўзнинг кўрмай қолиши каби ҳолатлар қайд этилган.

Шунингдек, булардан ташқари бошқа жиддий асоратлар ҳам бўлган. Турли ҳолатларда умумий ҳолсизлик, оғир ҳазм бузилишлари ва бошқа салбий реакциялар бўлгани учун ҳам даъво аризалари киритилган.

Ҳозирда АҚШда минглаб алоҳида даъволар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги бирлаштирилган ҳолда кўриб чиқилмоқда. Бу жараён катта федерал суд механизми (MDL) орқали олиб бориляпти. Бундан мақсад бир хил масаладаги ишларни ягона платформада кўриб чиқиш бўлиб, иш бўйича ҳали якуний қарор чиқмаган.

Диабет дорисидан “озиш воситаси”га айланди

GLP-1 туркумига кирувчи Ozempic, Wegovy, Mounjaro каби дорилар ҳозир дунёда энг тез оммалашаётган дори воситалари ҳисобланади. Чунки миллионлаб одамлар улардан фойдаланяпти ва вазн камайтириш бозорида катта инқилоб бўлди. Бундан фармацевтика компаниялари миллиардлаб доллар даромад олмоқда. Шу сабабли суд жараёнлари фақат ҳуқуқий эмас, балки глобал тиббий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. Мазкур дорилар GLP-1 бозорида энг катта ўйинчилар Novo Nordisk

 ва Eli Lilly фармкомпаниялари томонидан ишлаб чиқарилади.

Фармацевтика компаниялари бунга миллиардлаб доллар инвестиция қилди, шифокорлар орқали кенг тарқатилди ва глобал бозор яратилди. Шу сабабли энг сердаромад дорилардан бирига айланди. Чунки бу парҳез қилишга, спорт билан шуғулланишга узоқ ва қийин йўл деб қарайдиганлар учун тез натижа берадиган осон йўл бўлиб кўринди. Улар самарали натижа бергани, машҳурларнинг реклама таъсири ва тез озишга бўлган талаб ортиши натижасида қисқа вақт ичида глобал трендга айланди.

GLP-1 дориларининг тез оммалашуви ортида жиддий саволлар ҳам пайдо бўлади: бу дорилар ҳақиқатан ҳам хавфсизми ёки тез натижа ортидан келаётган янги хатарлар эндигина очиляптими?

АҚШдаги оммавий суд ишлари ҳали давом этмоқда ва уларнинг натижаси бу дориларнинг келажакдаги ишлатилиши, назорати ва реклама сиёсатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид