BBC журналисти Ольга Ившина таъсирли воқеа ҳақидаги суриштирувига асосланиб, катта мақолани ёзди.

«Қара, унинг сурати ҳали ҳам ошхонамда, ота-онамнинг сурати ёнида турибди», дейди замонавий кийинган, оқ сочли, кекса аёл Дулси Ле Бретон.

Оқ-қора суратдан инглизча костюм кийган, ўрта ёшлардаги табассумли эркак бизга қараб турибди. Бу Боқижон — Франция ва Британия ўртасидаги Ла-Манш бўғозида жойлашган митти Жерси оролида немис истеҳкомлари қурилишида қатнашишга мажбур этилган икки мингга яқин совет асирларидан бири. Ўшанда у 33 ёшда, Дулси эса 7 ёшда эди.

«Ҳали ҳам эсимда, у мен билан ўйнарди: биз арғамчи устидан сакрашни яхши кўрардик, кейин у менга инглиз тилида эртаклар ўқир эди. Урушдан кейин уни топишга ҳаракат қилдик. Йиллар давомида унга нима бўлганини билишни орзу қилардим», дейди Дулси. Июнь ойида у 90 ёшга тўлади.

Дульси Ле Бретон

Тўрт йил олдин маҳаллий тарихчи Крис Эдди Жерси ороли оккупацияси сўнгги гувоҳларининг ҳикояларини ёзиб олишга қарор қилди. Шу аснода у Дулси билан танишди, унинг оиласи билан совет солдати ўртасидаги ажойиб танишув тарихини биринчи марта эшитди.

Дулсининг хотираларини Жерси оролидаги газеталар қайта босиб чиқарди, лекин ҳеч ким Боқижоннинг тўлиқ исмини ва уруш тугагандан кейин унга нима бўлганини аниқлай олмади.

«Россияда бир неча бор қариндош-уруғларим ва дўстларим учун Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган жангчилар ҳақида маълумот излашга тўғри келган эди, шунинг учун мен Боқижоннинг тақдирини кузатишга қарор қилдим», дейди Ольга Ившина (BBC журналисти).

Биринчи қисм. Боқижон қандай қилиб «Том»га айлангани ҳақида

1940 йилнинг ёзида, Франция фашистлар Германиясига таслим бўлганидан сўнг, Британия Нормандия оролларини ҳимоя қилмасликка қарор қилди ва Жерси оролидан қўшинларини олиб чиқди - расман орол Бирлашган Қироллик таркибига кирмайди, аммо айнан Буюк Британия унинг мудофааси ва халқаро алоқалари учун жавобгар эди.

6,5 минг аҳоли Британияга эвакуация қилинди, аммо 40 мингга яқини оролда – немис армияси билан юзма-юз қолди.

1941 йил кузидан бошлаб нацистлар оролга кенг кўламли истеҳкомлар тармоғи - танкка қарши деворлар, бункерлар ва туннеллар қуриш учун асирларни олиб кела бошлади. Энг оғир ишларга совет ҳудудларида қўлга олинган тинч аҳоли ва ҳарбий асирлар жўнатилди. Улар орасида 1941 йилнинг ёзида ҳозирги Украина ҳудудида қуршовга тушиб, асирга олинган Боқижон ҳам бор эди.