Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ватанпарвар журналистларни ўзимга дўст ва маслакдош деб биламан - Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти матбуот ва ОАВ ходимларини касб байрами билан табриклади.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига байрам табригини йўллади.
Давлат раҳбари табригида мамлакатнинг босма ва интернет нашрлари, телерадиоканаллар, ахборот ва медиа хизматлари, нашриёт ҳамда матбаа корхоналарида фаолият юритаётган ижодий ва техник ходимлар, журналистлар ҳамда соҳа фахрийларини самимий қутлади.
Президент журналистларни ўзининг доимий маслакдоши ва жонкуяр дўсти деб билишини таъкидлади.
Қайд этилишича, бу йилги касб байрами миллий матбуот тарихидаги муҳим саналар – жадидлар томонидан «Тараққий» газетаси ташкил этилганининг 120 йиллиги ҳамда Ўзбекистонда илк радиоэшиттиришлар бошланганининг 100 йиллиги арафасида нишонланмоқда.
Табрикда сўнгги йилларда мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини кенгайтириш, ахборот соҳасини рақамлаштириш ва замонавий медиамаконни шакллантириш бўйича амалга оширилган ишлар қайд этилди.
Президентнинг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатдаги қарийб 2 минг 700 та оммавий ахборот воситасининг 67 фоизи, ноширлик субъектларининг 90 фоиздан ортиғи ва матбаа корхоналарининг 83 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, жорий йилда нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати ўтган йилга нисбатан икки баробар ошиб, 15 минг номдаги 60 миллиондан ортиқ нусхада китоб нашр этилган.
Давлат раҳбари ахборот оқими ортиб, дипфейк технологиялари кенг тарқалаётган шароитда ишончли манбаларга таяниш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, қисқа вақт ичида 10 минг нафар ёшни қамраб оладиган замонавий медиа-таълим тизими шакллантирилгани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев эркин ва масъулиятли, халқчил журналистикани давлат ва жамият тараққиётининг муҳим шарти деб атаб, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, малакасини ошириш ҳамда меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирди.
Шунингдек, президент Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, унинг нуфузини ошириш ва журналистларни ҳуқуқий ҳамда ахборот-технологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Табрик сўзи якунида давлат раҳбари касб байрами муносабати билан давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини қутлаб, барча журналистларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва ижодий муваффақият тилади.
Мавзуга оид
21:50 / 14.07.2026
Шавкат Мирзиёев Қатар амири ва халқига ҳамдардлик билдирди
20:36 / 04.07.2026
Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни АҚШ Мустақиллик куни билан табриклади
13:34 / 03.07.2026
Тбилисида Ўзбекистон элчихонаси очилади
12:25 / 03.07.2026