Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон Туркия дронларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш майдонига айланади
Қозоғистон ва Туркия ўртасида ANKA учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.
Ҳужжат 14 май куни Остонада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида ва президент Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокаралардан сўнг имзоланди, деб ёзди Forbes Kazakhstan.
ANKA бўйича келишув икки томонлама музокаралар якунлари бўйича алмашилган ҳужжатлар тўпламидан жой олди. Туркиянинг Anadolu агентлиги, шунингдек, Эрдўған ва Тоқаев ҳузурида 13 та шартнома, жумладан, ANKA дронларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланганини ёзди.
Лойиҳа тафсилотлари, жумладан, инвестициялар ҳажми, корхонанинг жойлашуви, ишга тушириш муддатлари ва ишлаб чиқарилиши режалаштирилган қурилмалар сони эълон қилинган хабарларда ошкор этилмаган. Аввалроқ, 2022 йилда Қозоғистон Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги Kazakhstan Engineering шуъба корхонаси негизида Қозоғистон Қуролли Кучлари эҳтиёжлари учун технологияларни узатиш ва ходимларни ўқитиш билан ANKA зарба берувчи дронларини йиғиш ва техник хизмат кўрсатиш линияси ташкил этилиши кераклиги ҳақида хабар берган эди.
ANKA ишлаб чиқарувчиси Туркиянинг Turkish Aerospace Industries ёки TUSAŞ компанияси ҳисобланади. Аввалроқ Қозоғистон ушбу дронларнинг биринчи хорижий ишлаб чиқариш базаси бўлиши кераклиги, ҳамкорлик эса қўшма ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва технологияларни узатишни ўз ичига олиши ҳақида хабар берилган эди.
Қозоғистон ҳукумат портали маълумотларига кўра, ANKA разведка-зарба берувчи дрон тоифасига киради, максимал учиш оғирлиги 1700 кг, фойдали юк 350 кг гача, ҳавода 30 соатгача тура олади ва 9 минг метр баландликка кўтарила олади.
Мавзуга оид
19:57 / 24.06.2026
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди
10:25 / 24.06.2026
Тўқаев ва ЕИ етакчилари ҳамкорликнинг янги босқичини бошлади
18:07 / 22.06.2026
Қозоғистон университетлари Марказий Осиёда энг яхши деб топилди
08:21 / 22.06.2026