Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
3 кишини пиёдалар йўлагида уриб юбориб, очиқда қолган аёл қўшмачилик устида ушланди
Фарғоналик Хадичабону Ҳабибуллаева озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида яна бир жиноят содир этди: ўз яшаш хонадонида қўшмачилик қилаётганда тезкор тадбирда ушланди. Суд унга аввалги жинояти бўйича берилган жазони қисман қўшган ҳолда 2,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Аммо аёл чекловларга риоя қилмагани учун ушбу жазо озодликдан маҳрум қилишга алмаштирилди.
Фото: Kun.uz
Фарғонада пиёдалар йўлагидан ўтаётган 3 кишини танишининг машинасида уриб юборган Хадичабону Ҳабибуллаева энди қамоқда. Унга тайинланган озодликни чеклаш жазоси озодликни маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Жиноят устига жиноят
Kun.uz танишган суд ҳужжатларига кўра, Хадичабону Ҳабибуллаева тайинланган жазони ўташ даврида яна бир жиноятга қўл урган. У 2026 йил 9 январ куни Фарғона шаҳридаги ўзи яшаб келган хонадонда 300 минг сўм ва 200 доллар эвазига қўшмачилик қилган.
Шартли мижозларга жинсий алоқа қилишлари учун уйида шароит яратиб берган Хадичабону Ҳабибуллаева тезкор тадбирда ушланган.
ЖИБ Фарғона шаҳар судининг 2026 йил 17 мартдаги ҳукми билан Хадичабону Ҳабибуллаева Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга ЙТҲ содир қилиши билан боғлиқ аввалги жинояти учун берилган жазони қисман қўшган ҳолда 2,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, у 2 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Аёлга ўқиш ва иш жойига бориб-келиш учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда яшаш хонадонидан чиқиши чекланган.
Алмаштирилган жазо
Бироқ Хадичабону Ҳабибуллаева суд белгилаган чекловларга амал қилмаган.
Хусусан, 2026 йил 8 апрел куни соат 21:15 ларда Фарғона шаҳар ИИБ ЖХХ Пробация бўлими яшаш хонадонига бориб текширганида, у уйида йўқлиги аниқланган. Хадичабону Ҳабибуллаевага ҳолат бўйича огоҳлантириш интизомий жазоси қўлланган.
2026 йил 24 апрел куни соат 21:00 ларда ўтказилган текширувда ҳам Ҳабибуллаева яшаш хонадонида йўқлиги маълум бўлган. Шундан сўнг Фарғона шаҳар ИИБ тақдимнома киритиб, суддан озодликни чеклаш жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштиришни сўраган.
ЖИБ Фарғона шаҳар судининг 2026 йил 1 майдаги ажрими билан Хадичабону Ҳабибуллаевага тайинланган озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган 2 йил 5 ой 4 куни озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартирилган. У жазони ўташ учун манзил-колониясига юборилиши белгиланган.
“280 минг сўм моддий зарар” воқеаси
Хадичабону Ҳабибуллаева 2025 йил 11 октябр куни гувоҳномаси бўлмаган ҳолда танишининг Onix машинасини бошқариб, пиёдалар йўлагидан ўтаётган 31 ёшли Дилафруз Сайфуллаева, унинг 3 ёшли ўғли Ясинбой Абдураҳмонов ҳамда 2,5 ёшли жияни Ҳадия Қодироваларни уриб юборган. Зарба кучидан аёл ва болалар бир неча метрга учиб кетган.
Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирув эълон қилганди. Унда оғир тан жароҳати олган Дилафруз Сайфуллаева тўшакка михланиб ётгани, маълум муддат шифохонада даволаниб чиққанига қарамай унинг ўғли ва жиянида “автоавария” асоратлари сақланиб қолгани маълум бўлганди.
Ўшанда суд ҳукми билан Хадичабону Ҳабибуллаевадан жабрланувчи фойдасига 280 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Апелляция суди дастлабки суд ҳукмининг фуқаровий даъвога оид қисмини ўзгартирган. Яъни судланувчидан жабрланувчига 100 млн сўм маънавий ҳамда вояга етмаган жабрланувчиларнинг қонуний вакилига 3 млн 351 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Мавзуга оид
13:12
“Дружба”да ёнган Zeekr воқеаси: суд автомобил эгаси фойдасига 450 млн сўм ундиришни белгилади
12:00 / 15.05.2026
Қарсаклар билан якунланган суд: Яккасаройдаги яшил ҳудуд ва футбол майдончаси сақлаб қолинди
14:58 / 12.05.2026
Судя ёрдамчиси 53 минг доллар билан ушланди
18:16 / 08.05.2026