Ўзбекистон | 14:15
1844
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида ҳам ёмғирли об-ҳаво давом этиши кутилмоқда

Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради. Жойларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ билан кучли жала кузатилади. Ҳарорат кечалари +13…+18, кундуз кунлари +22…+27 даража атрофида бўлади.

Фото: Kun.uz

Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Республика ҳудудининг катта қисмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли жала бўлади. Момақалдироқ бўлиши ҳам мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди, Бухоро ва Навоий вилоятларида фақат айрим жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёгади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, вақти-вақти билан кучли бўлади, момақалдироқ кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, 13–18 метр/сониягача кучаяди, шимолда ва чўл ҳудудларда ва республика жанубида баъзи жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати 22–24 май кунлари кечалари +13…+18 даража, кундуз кунлари +22…+27 даража атрофида бўлади.

Тошкент шаҳрида жума кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёгади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +22…+24 даража бўлади.

23 май куни асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат кечга томон бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳарорат +25…+27 даражагача кўтарилади.

24 май куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Ҳарорат кундузи +22…+24 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +15…+18 даража бўлади. Шамол ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 10–12 метр/сониягача кучаяди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид