Ўзбекистон | 12:35
978
2 дақиқада ўқилади

Шанба куни айрим жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда

Шанба куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Якшанба кунидан бошлаб ёғингарчилик кутилмайди ва ҳаво ҳарорати +39 даражагача исийди.

Фото: Kun.uz

Жума кундузи республиканинг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечқурун Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +30…+33 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда +35…+37 даражагача бўлади.

Шанба куни фақат Фарғона водийсида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларида қисқа мудатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.

Якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди ва кундузи ҳаво +34…+37 даражагача, жанубда +39 даражагача исийди.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, 3 июлда шамолда ва чўл ҳудудларда 15–20 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

3–4 июл кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкентда жума кун давомида ёғингарчилик кутилмайди, кечқурун қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +31…+33 даража бўлади. Шанба куни кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кундузи +31…+33 даража бўлади.

Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳарорат +34…+36 даражагача кўтарилади. Ҳарорат кечалари +18…+23 даража атрофида бўлади. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 10 метр/сония гача кучайиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид