Жаҳон | 08:35 / 25.05.2026
1798
2 дақиқада ўқилади

The Guardian: Россияда “рақамли босим” кучаймоқда

Россия президенти Владимир Путиннинг яқин атрофидаги айрим амалдорлар мамлакатда интернетга нисбатан қаттиқ чекловлар жорий этилишига қарши чиққан. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри манбаларга таяниб хабар берди.

Фото: iStock

Маълум қилинишича, Путинни интернет бўйича “янада қаттиқроқ чекловлар”дан қайтаришга уринганлар орасида унинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳамда президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бўлган.

Нашр ёзишича, 2025 йилдан кучайган интернет ўчириш ва чекловлари Россия бизнесига миллиардлаб зарар етказмоқда. Бу масала Россия элиталари орасида алоҳида муҳокама мавзусига айланган.

Манбаларга кўра, илгари Россияда цензура рамзи сифатида танқид қилинган Хитойнинг интернетни назорат қилиш тажрибаси энди айрим элиталар томонидан “ҳавас билан” тилга олинмоқда.

Шу билан бирга, Путин Украинага қарши уруш давомида асосан куч тузилмалари фикрига таянаётгани сабабли, интернет чекловларини юмшатиш бўйича уринишлар самара бермагани айтилмоқда.

Аввалроқ The Bell нашри Россиядаги интернет чекловлари тўлқини ФСБнинг Иккинчи хизмати ташаббуси билан амалга оширилганини хабар қилган эди. Мазкур тузилма аввал Алексей Навальний ва Владимир Кара-Мурзанинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатларда ҳам тилга олинган.

The Guardianʼга кўра, россияликлар орасида норозилик нафақат интернет чекловлари, балки солиқлар ошиши ва нарх-наво қимматлашуви ортидан ҳам кучаймоқда. Айрим давлат сўровларида ҳатто аҳолининг “бахт индекси” сўнгги 15 йилдаги энг паст даражага тушгани қайд этилган.

Нашр таъкидлашича, Кремль интернет блокировкалари ва чекловларни аҳоли хавфсизлиги билан изоҳламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид