Жамият | 20:25
729
6 дақиқада ўқилади

Каламушлар, ёқимсиз ҳид ва йиллаб давом этаётган муаммо: Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла аҳли ечим кутаётган ҳолат

Мирзо Улуғбек туманидаги Орол 4 кўчасида яшовчи фуқаронинг уйида тўпланаётган чиқиндилар сабаб бошқа қўшниларнинг ҳаёти хавф остида қоляпти. Чунки ҳудудда каламуш, сичқон, илонлар пайдо бўлган. Фуқаро маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган. Аммо орадан вақт ўтиб, муаммо такрорланаверади. Kun.uz муаммонинг сабаблари ва унга нега ҳалигача барқарор ечим топилмаганини ўрганди.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Подшобоғ маҳалласида яшовчи фуқаролар йиллардан буён бир қўшни билан боғлиқ муаммодан шикоят қилиб келмоқда. Уларнинг айтишича, маҳалладаги уйлардан бирида истиқомат қиладиган Любов Макунина мунтазам равишда турли чиқиндиларни уйи ва ҳовлиси атрофига тўплайди. Натижада ҳудудда ёқимсиз ҳид тарқалиши, каламуш ва бошқа зараркунанда кемирувчилар кўпайиши кузатилмоқда.

Маҳалла аҳолиси сўзларига кўра, муаммо бир неча йилдан бери давом этмоқда. Ҳатто айрим қўшнилар бу ҳолат такрорланмаслиги учун фуқарога ҳар ой маълум миқдорда маблағ беришни ҳам таклиф қилган. Аммо бу таклиф рад этилган ва вазият яна аввалги ҳолатига қайтган.

Фуқароларнинг айтишича, улар бир неча бор турли идораларга мурожаат қилган. Ҳудуд вақти-вақти билан тозаланган бўлса-да, чиқиндилар яна йиғила бошлаган. Айни пайтда қўшнилар муаммони барқарор ҳал қилиш учун қайси ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги борасида ҳам аниқ ечим топа олмаётганини билдирмоқда.

“Шу маҳаллага 2020 йилда кўчиб келганмиз, ўшандан бери бу ҳол давом этиб келяпти. Ҳозир уйимизда каламуш ҳам, сичқон ҳам бор, илонларни кўришибди қўшниларимиз. Жуда таҳликада яшаймиз, йилига бир неча марта дезинфекция чақирамиз, чунки уйимизга ўтиб кетмаслиги учун. Ҳар доим атроф-муҳитниям дезинфекция қилишга ҳаракат қиламиз. Йиллар давомида мутасадди идораларга айтиб келяпмиз: ёрдам беришяпти. Лекин ҳар сафар шу нарсага энергия сарфлашдан одам чарчади. Беш йилдан бери битта ечим қилинмаяпти, 10-15 йил – яна қанча шуғулланиш мумкин бу билан?”, - дейди шу кўчада яшовчи Салиҳ Бекмуродов.

Тасвирга олиш жараёнида Kun.uz профилактика инспектори билан биргаликда мазкур хонадон эшигини бир неча бор тақиллатиб, уй эгасини суҳбатга чақиришга уринди. Бироқ ичкаридан фақат итларнинг ҳургани эшитилди.

“10 йилдан бери хотин-қизлар фаоли бўлиб ишлайман. Орол 4 кўчасидаги фуқаронинг яшаш шароитини азалдан биламиз. Қўни-қўшнилари шикоят қилишади. 2023 йилда СЭС бошчилигида ўзимиз тозалаб кетганмиз. Ўшанда нафақа чиқаришга ёрдам берайлик деганимизда кўнмади. Мушук-кучукларининг қонуний паспортлари бор. Уйи тўла ахлат, ҳашаротлар. Ўзиниям зарарлаши мумкинлигини айтсак тушунмайди, кулиб тураверади. Яқинларини сўрасак алдайди”, дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Роббия Раҳматуллаева.

Мутахассис: бу ҳолат руҳий саломатлик билан боғлиқ бўлиши мумкин

Тиббий психолог Гули Тўраеванинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар айрим руҳий бузилишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Халқаро касалликлар квалификациясида бу ҳолат Плюшкин синдроми, яъни патологик жамғариш касаллиги дейилади. Авваллари бу симптом сифатида кўринган, лекин ҳозирги кунда алоҳида касаллик сифатида рўйхатдан ўтган. Бу касалликка ёндош касаллик сифатида шизофрения, депрессияси бўлган инсонларда учраши мумкин. Бу ҳолат Плюшкин синдроми дейилади, илмий адабиётларда патологик жамғариш касаллиги ҳисобланади. Бунга психиатр ташхис қўяди, керак бўлганда дори-дармон ва клиник психотерапевт томонидан муолажалар ўтказилиши керак.

Бунда инсон барча чиқиндиларни, ҳайвонларни уйга йиғиб келади. Ҳатто уйида яшашга жой қолмаслиги мумкин, санитария-гигиена талаблари жудаям бузилади. Бирор буюмига қўл теккизмоқчи бўлганларга қаттиқ агрессия билан жавоб қайтаради. Касаллик келиб чиқишига айрим сабаблар бор: охирги ўтказилган илмий тадқиқотларда шундай ташхисли беморлар текширилганда пешона қисмининг ўнг томонида жароҳатлар ўтказган инсонларда бу касалликка учраш эҳтимоли катта. Яқинларини йўқотган, ёлғиз, шизофренияси бор, депрессиядаги инсонларда ҳам бу эҳтимол катта.

Уларга биринчи ўринда ташхис қўйиш керак. Буни психиатр қўяди – мустақил касаллик ёки бошқа касаллик аломатлари экани аниқланади. Бу беморларга танбеҳ бериш, нарсаларига тегиш уларни тажовузкор қилиб қўяди. Уларни шифокор кўригига олиб бориш тавсия қилинади”.

Қонунчиликда қандай жавобгарлик бор?

Маҳалла инспектори маълум қилишича, мазкур фуқаро бир неча марта маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, шаҳар ободонлаштириш ва махсус хизмат ташкилотлари томонидан ҳудуд бир неча бор тозаланган. Бироқ маълум вақт ўтгач, чиқиндилар яна тўплана бошлаган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, аҳоли яшаш жойларида санитария қоидаларини бузиш, ҳудудларни ифлослантириш ёки ободонлаштириш талабларига риоя этмаслик ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Агар бундай ҳолатлар аҳоли саломатлигига хавф туғдирса, ваколатли идоралар санитария-эпидемиология хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда қўшимча чоралар кўриши мумкин.

Бироқ Подшобоғ маҳалласидаги ҳолатда асосий муаммо – яна бир марта чиқиндиларни тозалаш эмас, балки вазиятга амалий ва тугал ечим топиш. Бугун бир фуқаронинг ҳаракатлари оқибатида атрофдаги ўнлаб одамлар ёқимсиз ҳид, каламушлар ва зараркунанда ҳашаротлар билан ёнма-ён яшашга мажбур бўлаётганини айтишмоқда. Энг муҳими, маҳалла аҳли таъкидлаётган муаммо йиллардан буён такрорланаётган бўлса-да, унга ҳануз барқарор ечим топилмаган.

Ёдгорбек Саидов
Тайёрлаган Ёдгорбек Саидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид