Ўзбекистон | 15:01
927
2 дақиқада ўқилади

Nika Pharm тарихий шахслар акс этган дори рекламаси учун жаримага тортилди

Nika Pharm компанияси ўзининг Rinoksil Formula+ дори воситаси рекламасида Амир Темур, Жорж Вашингтон, Ибн Сино, Юлий Сезар, Алишер Навоий ва Наполеон Бонапарт каби тарихий шахсларнинг образларидан фойдаланган. Реклама рўлигида дори воситаси турли даврларда яшаган мутафаккирлар томонидан фойдаланилгани иддао қилинади. Рақобат қўмитаси буни аждодлар хотирасига ҳурматсизлик, ахлоқ ва маънавиятга зид дея баҳолади ва компанияни жаримага тортди.  

Фото: Видеодан кадр

Тарихий шахслар образларидан фойдаланиб, дори рекламасида ахлоқ ва маънавият нормаларини бузган Nika Pharm МЧЖга молиявий жарима қўлланилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, Nika Pharm компанияси ўзининг Rinoksil Formula+ дори воситаси рекламасида Амир Темур, Жорж Вашингтон, Ибн Сино, Юлий Сезар, Алишер Навоий ва Наполеон Бонапарт кабиларнинг образларидан фойдаланиб, «ушбу дори воситасини улар томонидан ишлатилганда» дея, турли ҳолатларда намойиш этган.

«Ушбу дори воситасини бундай кўринишда реклама қилиниши таниқли тарихий шахсларга, шу жумладан, буюк аждодларимизга нисбатан ҳурматсизлик, ахлоқ ва маънавиятимизга зид бўлган тарзда уларнинг образларидан фойдаланилган», — дейилади қўмита баёнотида.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.

Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Nika Pharm МЧЖга нисбатан иш қўзғатиб, якунда белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.

Маълумот учун, ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам Рақобат қўмитаси томонидан Nika PharmМЧЖ жаримага тортилганди. Бунга реклама қонунчилигига зид равишда биологик фаол қўшимчанинг даволаш хусусиятлари ҳақида маълумот берилгани сабаб бўлганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид