Жаҳон | 17:21
996
5 дақиқада ўқилади

Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?

Россия армияси Донбасcда позицион ҳужумлар билан секин бўлса-да айрим йўналишларда олдга силжияпти. Украина эса фронт чизиғини ушлаб, Қрим ва бошқа ҳудудлардаги стратегик объектларни нишонга олишга зўр бермоқда. Сўнгги пайтларда Қрим яримороли атрофидаги вазият жиддийлашди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар ҳарбий ҳаракатларнинг боришини шарҳлади.

— Россия–Украина фронтида вазият қандай?

Абдували Сойибназаров: Донбасc йўналишида, хусусан Часив Яр, Покровск ва Купянск атрофида шиддатли позицион жанглар давом этмоқда. Россия қўшинлари сон жиҳатдан устунликка эга ва айнан шу омил ҳисобига айрим участкаларда секин, аммо изчил олдинга силжишга эришмоқда.

Донбасcдаги стратегик аҳамиятга эга шаҳарлардан бири бўлган Константиновка атрофидаги вазият айниқса кескин. Ҳозирда шаҳарнинг ўзида жанглар давом этмоқда, айрим ҳудудларда ҳар бир кўча ва кўп қаватли бино учун кураш кетаётгани таъкидланмоқда. Турли манбаларга кўра, шаҳар уч томондан Россия қўшинлари босими остида қолган ва таъминот йўлларининг катта қисми хавф остида. Хусусан, Кҳимки аҳоли пункти эгаллангач, Константиновка мудофаасининг ташқи таянч нуқталари янада заифлашгани қайд этилмоқда.

Шу сабабли айрим ҳарбий таҳлилчилар яқин ҳафталарда айнан Константиновка учун ҳал қилувчи жанглар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ шаҳарнинг қачон ва қандай тақдирга дуч келиши ҳақида аниқ хулоса чиқариш ҳозирча қийин.

Добропиллиа йўналишида ҳам Россия қўшинлари босимни кучайтирмоқда. Хабарларга кўра, бу ҳудудда оғир термобарик қуроллар, жумладан ТОС-1А «Солнцепёк» тизимларидан фойдаланилмоқда. Агар Россия қўшинлари Добропиллиа йўналишида муваффақият қозонса, Константиновканинг логистика ва таъминот имкониятлари янада мураккаблашиши мумкин. Бу эса захира кучларини етказиш, ротация ўтказиш ҳамда ўқ-дори ва озиқ-овқат таъминотини сақлаб қолишни қийинлаштиради.

Суми йўналишида ҳам вазият эътибордан четда эмас. Айрим оммавий ахборот воситалари Россия кучлари Харкив ва Суми вилоятларини боғловчи муҳим йўлларга яқинлашаётганини хабар қилмоқда. Шу билан бирга, Харкив, Днипропетровск, Запорижжя ва Херсон йўналишларида ҳам жанглар давом этмоқда.

Умуман олганда, фронтнинг кўплаб участкаларида позицион уруш сақланиб қолмоқда. Россия армияси авиация, ракета ва дронлар ёрдамида Украина ҳарбий инфратузилмаси, омборлари ҳамда энергетика объектларига зарбалар беришда давом этаётган бўлса, Украина томони ҳам жавоб ҳужумлари орқали Россия кучларининг олдинга силжишини секинлаштиришга уринмоқда. Натижада фронтдаги умумий вазият кескин ва ўзгарувчанлигича қолмоқда.

Шуҳрат Расул: Энди урушни мунтазам таҳлил қилиб борувчи нуфузли тадқиқот марказлари хулосаларига эътибор қаратайлик. Жумладан, Стокҳолмда жойлашган ҳарбий можароларни ўрганиш маркази ҳамда АҚШдаги уруш ва тинчлик масалаларига ихтисослашган тадқиқот институтлари апрел–май ойларидаги жанговар ҳаракатлар юзасидан ўз баҳоларини эълон қилди.

Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги икки ой давомида Украина қайта назоратига олган ҳудудлар ва Россия эгаллаган янги ҳудудлар ўзаро солиштирилганда, умумий баланс Украина фойдасига шаклланган. Ҳисоботларда тахминан 100 квадрат километр ҳудуд бўйича устунлик Украина томонида экани қайд этилади. Мазкур баҳолар стратегик ташаббус ҳозирча Украина қўлида қолаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Қрим яриморолида ҳам вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Сўнгги ҳафталарда халқаро таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари Қримнинг логистика таъминоти билан боғлиқ муаммоларни алоҳида эътироф этмоқда. Қримнинг асосий таъминот йўналишларидан бири Мелитопол орқали ўтувчи транспорт коридори ҳисобланади. Хабарларга кўра, Украина узоқ масофали зарба берувчи воситалари ушбу йўналишдаги ҳаракатни мунтазам нишонга олмоқда. Натижада яриморолнинг логистика тизими босим остида қолиб, юк ташиш ва таъминот жараёнлари мураккаблашмоқда. Маҳаллий манбаларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ёқилғи таъминоти билан боғлиқ қийинчиликлар кузатилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар учрамоқда.

Айрим ҳудудларда бензин танқислиги ва нархларнинг ошиши қайд этилмоқда. Бундан ташқари, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар кучайгани сабабли туризм соҳасида пасайиш кузатилаётгани, кўчмас мулк бозори фаоллиги ҳам сусайгани айтилмоқда.

Бироқ уруш шароитида тарқалаётган маълумотларнинг барчасини мустақил равишда тасдиқлаш ҳар доим ҳам имкони бўлмагани учун, айрим хабарларни эҳтиёткорлик билан қабул қилиш лозим. Шунга қарамай, Қримнинг логистика ва таъминот тизимига босим кучайиб бораётгани бугунги можаронинг муҳим тенденцияларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид