Жамият | 22:57 / 16.07.2026
599
4 дақиқада ўқилади

Жазирамада кондиционерсиз қандай яшаш ҳақида 10 та фойдали маслаҳат

Бу йил ёзда дунёнинг аксарият минтақаларида ғайриоддий жазирама ҳукм сурмоқда. Бироқ, кондиционердан фойдаланиш имконияти ҳаммада ҳам мавжуд эмас. 

Фото: Getty Images

Жазирамадан сақланиш бўйича Ҳиндистоннинг NPR нашри жамлаган маслаҳатларнинг ҳар бири алоҳида олинганда арзимасдек туюлиши мумкин, аммо улар биргаликда тананинг совишига ҳақиқатан ҳам ёрдам беради.

Алоҳида таъкидланишича, иссиқ уриш белгиларига қуйидагилар киради: тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, онгнинг чалкашиши ёки ҳолсизлик. Ушбу аломатлар пайдо бўлганда, дарҳол тез ёрдам чақириш ва тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.

Жазирама билан курашишга ёрдам берадиган маслаҳатлар:

1. Кўп суюқлик ичинг

Тана гидратацияси даражасини доимо кузатиб бориш керак. Ҳар қандай жисмоний фаолиятни бошлаш билан сувни кичик қултумларда ичиш лозим. Кўчага чиққанда сув олиб юриш – жазирамада ҳаёт-мамот масаласидир.

2. Албатта, бирор нарса еб олинг

Ҳеч қачон уйдан оч қоринга чиқмаслик керак, доим нимадир еб олиш лозим. Масалан, таркибида эриган электролитлар бўлган бодринг ёки бир бўлак ананас бунинг учун айни муддао.

3. Руҳ тетиклиги

Агар исиб кетаётган бўлсангиз, совуқ душ қабул қилинг ёки ҳеч бўлмаганда юзингиз ва қўлларингизни, шунингдек, бошингизни вақти-вақти билан сув билан ҳўллаб туринг – бу тана ҳароратини пасайтиришга ёрдам беради.

4. Дам олиш учун салқин жой топинг

Шуни билиш керакки, иссиқ ҳаво юқорига кўтарилгани учун кўп қаватли уйларнинг пастки қаватлари салқинроқ бўлади. Кундузи қуёш нурини қалин пардалар билан тўсинг. Қўлингиз остидаги барча вентиляторларни ишга туширинг.

Ва салқинлик излаб мебелларни қайта жойлаштиришдан қўрқманг. Масалан, каравотни дераза ёнига қўйсангиз, ухлаётганда енгил шабадани ҳис қилишингиз мумкин.

Агар хона ичида нафас олиш қийинлашиб, дим бўлиб кетса, ташқарига чиқинг ва гамакда ётинг. Тебраниш пайтида ҳосил бўладиган ҳаво оқими танани совутишга ёрдам беради.

5. Меъморчиликдан илҳомланинг

Кўплаб меъморий янгиликлар орасида «жаали» деб номланган меъморий услуб бор, у ҳинд ва урду тилларидан таржима қилинганда шунчаки «тўр» деган маънони англатади. Аслини олганда, бу тош деворни яхлит қолдириш ўрнига, бир қатор кичик тешиклари бор геометрик нақшларни ўйиб, уни нақшинкор панжарага айлантириш усулидир.

6. Буғлантирувчи совутгич

Ушбу электр қурилма, шунингдек, буғлантирувчи совутгич сифатида ҳам танилган бўлиб, хонадаги ҳавони сувга ботирилган филтрлар орқали ўтказади, бу филтрлар ҳавони совутади ва кейин уни хонага қайтаради. Бу қурилмалар кондиционерлардан арзонроқ ва камроқ энергия сарфлайди. Бундай қурилмани ҳатто ўзингиз ҳам ясашингиз мумкин.

7. Оқ рангли кийимлар кийинг

Пахта ва зиғир матоларидан тикилган кийимдан фойдаланинг, оқ ранг иссиқликни самарали қайтарувчи ҳисобланади.

8. Бош ва бўйнингизни ёпиб юринг

Ёзда бошни ёпиб юриш қадимий ва самарали анъанадир.

9. Тушки қуёшдан сақланинг

Куннинг энг иссиқ вақтида кўчага чиқиш, спорт билан шуғулланиш ёки очиқ ҳавода бўлиш орқали ўзингизни чарчатмасликка ва қувватингизни беҳуда сарфламасликка ҳаракат қилинг, чунки жазирама қуёш нури ва иссиқ ҳаво тана ҳароратини янада ошириб юборади.

10. Соядан фойдаланинг

Очиқ ҳавода ишлаяпсизми ёки кўчада кетяпсизми, дарахтлар соясида юришга ҳаракат қилинг. У ердаги ҳаво ҳарорати аслида қуёш остидагидек бўлса-да, терингиз қуёш нурларини ютмайди ва бу танангизнинг қизиб кетишига йўл қўймайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид