Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Туркия парламентидаги муштлашувда икки аёл депутат жабрланди
18:02 / 20.01.2017
7358

Туркия парламентида рўй берган муштлашув натижасида икки нафар депутат жиддий жароҳат олди. Парламентда Туркиянинг президентлик бошқарув шаклига ўтишини кўзда тутувчи конституцион ислоҳотлар муҳокамаси кетаётган бўлган. Бу ҳақида 20 январь, жума куни Hurrieyt нашри хабар берди. 

Муштлашув мустақил депутат Айлин Назлияканинг қонун лойиҳасига  қарши чиқиб, ўз норозилигини трибунада қўлларини кишанлаб билдирганидан кейин авж олди. Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) депутатлари уни трибунадан олишга уринишди, мухолифат депутатлари эса аёлни ҳимоя қилишга киришишди. Натижада АТПнинг бир депутати ва курдларнинг Халқлар демократияси партияси (ХДП)нинг бир депутати жароҳат олди. Икки аёл ҳам залдан тез ёрдам замбилида олиб чиқиб кетилди. 

Асосий қонунга ўзгаришлар киритиш лойиҳаси АТП партияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган. 

Конституциявий ўзгаришларни референдумга олиб чиқиш учун лойиҳа 550 депутатдан 330 нафари томонидан қўллаб-қувватланиши керак бўлади. Парламентда 355 ўринга эга Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ҳамда Миллий ҳаракат партияси (МҲП) депутатлари референдумни қўллаб-қувватлашмоқда. Мухолифат партиялар - Халқ-республика партияси (ХРП) ва Халқлар демократияси партияси (ХДП) мазкур лойиҳага қарши чиқмоқда ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни яккаҳокимлик ўрнатишга уринишда айбламоқда. 


Улашинг
Top