«Ҳилол нашр» нашриётининг мажлислар залида Muslimaat.uz аёл-қизлар сайтининг 10 ёши муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга бир қанча диний ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар ташриф буюришди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар беради.

Тадбирни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзанди, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа уйининг ношири Исмоил Муҳаммад Юсуф очиб берди.

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг ношири Исмоил Муҳаммад Юсуф

10 йиллик байрам шодиёнаси давомида йиғилган меҳмонларга Muslimaat.uz сайтининг бугунги кундаги фаолияти, унинг илк ташкил этилган кунидан бошлаб, бугунгача амалга оширган ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда ушбу хайрли ишларнинг бошида турган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бошқа фидойи ходимлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди. Шунингдек, сайт фаолиятини ёритувчи шеърлар, видео-роликлар ҳамда табрик сўзлари ҳам намойиш этилди.

Фото: Muslimaat.uz

Кечада жуда кўплаб азиз меҳмонлар сўзга чиқишди. Жумладан, Muslimaat.uz сайтининг асосий ташкилотчиси ва раҳбари олима Одинахон Муҳаммад Юсуф аёл-қизларнинг жамият тараққиётидаги роли ва алоҳида ўрни ҳақида таъкидлаб ўтди. Сайт раҳбари муслима қизлар учун илм-маърифат, диний сабоқ улашаётган Muslimaat.uz ривожига ўз ҳиссасини қўшган барча ходимларга, ҳамкор ташкилотларга  ўз миннатдорчилигини билдирди.

Фото: Muslimaat.uz
Фото: Muslimaat.uz

Шунингдек, тадбирда бош муфтий Усмонхон Алимовнинг рафиқаси Адолат Алимова, Тошкент шаҳри бош отинойиси Дилбар Отабоева, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг умр йўлдоши — Фотима Исмоил Махдум қизи, Россия Федерациясидан ташриф буюрган меҳмон — «Ал-Васатия» Ислом илмий-маърифий марказининг ходимаси Наталья Бариева ҳамда бошқа иштирокчилар нутқ сўзлаб, сайт ходимларини муборакбод этдилар.

Тошкент шаҳри бош отинойиси Дилбар Отабоева
«Аль-Васатия» Ислом илмий-маърифий марказининг ходимаси Наталья Бариева