15:47 / 18.12.2017
38528
Ўзбекистонда ишсизлик даражаси неча фоиз экани маълум бўлди
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ўзбекистонда ишсизлар сони меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5,4 фоизини ташкил этади. ХПКнинг 14 декабрдаги сессиясида иштирок этган спикерлардан бири шундай маълумотни тақдим этди. У иш ўринлари барпо этилиши ва ишсизликка доир статистика масаласида шаффофлик қачон таъминланишига доир журналист саволига қуйидагича жавоб берди

“Ўзбекистонда бугунги кунда 32,5 млн фуқаро бўлса, шундан 14,5 млн киши иқтисодий фаол фуқаро ҳисобланади. Бандликка кўмаклашиш ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда умумлаштирган расмий маълумотларга кўра, январь-сентябрь ойларида 765 минг киши расмий ишсиз деб қабул қилинган. Бу эса, ишлаши мумкин бўлган аҳолига нисбатан 5,4 фоизни ташкил қилишини англатади. Агар ишсиз аҳоли жойлардаги бандликка кўмаклашиш ва меҳнат муносабатлари бўлимларига расман мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтмаса, улар ишсиз деб эътироф этилмайди. Шунга биноан, ишсиз юрган фуқаролар Бандликка кўмаклашиш ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман бўлимларига мурожаат қилишса, ишсизлик борасидаги аниқ рақамларга эга бўлиш имкони пайдо бўлар эди”, - деди у. 

Бундан ташқари, ХПК сессиясида иштирок этган Иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев келаси йилдан иш ҳақларини инфляцияга боғлиқ равишда ошириш тизими жорий этилиши ҳақида маълумотлар берди. 

“2018 йилдан бюджет тизимида иш ҳақини белгилашда биринчидан, инфляцияни тўғри ҳисоблаш ва унинг даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар 6 ойда инфляциядан кам бўлмаган миқдорда компенсация қилиш тизими йўлга қўйилади. Масалан, 1 январдан 1 июлгача бўлган 6 ойда инфляция қанча бўлса, шу миқдорда иш ҳақи оширилади. Кейинги 6 ойда ҳам, яъни йил охирида худди шу тарзда иш ҳақига компенсация қилинади.

Бу, инфляция даражасига мос равишда ойлик маошлар миқдорини ошириш тажрибаси биринчи марта қўлланилади. Аввалги йилларда инфляция эътиборга олинмасдан иш ҳақлари ошириб келинган.

Энди шу ўринда яна бир масала пайдо бўлади. Аҳоли даромадларини ошириш учун ишлаб чиқаришни реал кучайтириш, буни фуқаролар ўзида ҳис қилишларидир. Буни таъминлаш учун 3 та энг асосий муаммони ҳал қилиш керак бўлади.

-  Ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига бўлган тақчилликка барҳам бериш. Улар билан узлуксиз таъминлаш масаласи. Юқорида таъкидланганидек, ҳукумат маблағларни ажратаяпти, “Ўзбекнефтегаз” бу вазифани қисқа муддатда ҳал қилиши керак. 
-  Электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш. Чунки, электр энергияси билан таъминлашда узилишлар бўлса, ишлаб чиқариш ўз вақтида буюртмаларини бажара олмайди, маҳсулотлар таннархи ошишига олиб келади. Бу эса, унинг бозордаги рақобатбардошлигига путур етказаяпти. 
-  Ишлаб чиқариш қувватларини газ билан узлуксиз таъминлаш. Бу борада ҳам юқоридаги гапларни айтиш мумкин.

Шунга биноан, бу муаммоларни ҳал этиш мақсадида келаси йили газ ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 17 фоиздан ошириш режалаштирилган”, - деди Мубин Мирзаев. 

Top