Қишлоқ хўжалигидаги фермер ва бошқа тоифадаги хўжаликларнинг техника билан таъминланганлик даражаси таҳлил этилганда натижа шуни кўрсатдики, мавжуд техникаларнинг 38 фоизи 15 йилдан ​кўп вақт мобайнида фойдаланишда бўлгани, ўз ресурсини ўтаб бўлгани аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XIII ялпи мажлисидаги нутқида маълум қилди.

«Энг ачинарлиси, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган ҳудудларда фаолият юритаётган хўжаликлар техника билан 34 фоизга таъминланган», дейди вазир. Ачинарли ҳолати шундаки, пахта, ғалла ва такрорий экин турларини етиштириш учун ер уч марта шудгор қилиниб, унга ишлов берилиши керак. Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, ушбу техника воситалари қудрати ерга 3 марта ишлов беришга эмас, балки умумий ишнинг тенг ярмини бажаришга етади.

«Республика бўйича ҳисобланса, 38 фоиз эскирган техникалардан ташқари, қарийб 4600та агро техника воситалари жойларда етишмаяпти. Агар ҳайдов машиналарининг ўзи ҳақида сўз юритилса, 1100та тракторларнинг етишмаслиги аниқланган. Эскирган техника воситалари билан шудгорланмаган ерлар ва бошқа камчиликлар туфайли фермер ғалла ва пахта мавсуми якунида фойда эмас, зарар кўрмоқда», деб таъкидлаган Зойир Мирзаев.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев маҳсулотларни омборхоналарда сақлаш масаласига эътибор қаратиб, ушбу соҳада аниқланган камчиликларни бирма-бир санаб ўтди.

«Айни кунда барча маҳсулотларнинг атиги 10 фоизини омборхоналарда белгиланган тартибда сақлаш имкониятига эгамиз. Бу борада ижобий натижаларга эришиш учун айрим қонуности ҳужжатларни ўзгартириш ёки уларга қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Маҳаллий жойларда янги нормаларни ташкил қилишни жоиз, деб ҳисоблайман», дейди вазир.

Бош вазир ўринбосари айнан соҳа камчиликларини батафсил билдириб, кўп тармоқли фермер хўжалигининг мақоми белгиланмаганига урғу берди. Масалан, фермер хўжалиги асосий фаолиятидан ташқари, қайси йўналишда қўшимча ишни ташкил этса, унинг хўжалиги кўп тармоқли ҳисобланиши ҳақида аниқ тушунча ёхуд мезон йўқ. Бундан ташқари, кўп тармоқли фермерларнинг фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг сонини кўпайтириш бўйича алоҳида имтиёзлар жорий қилинмаган.

«​2016 йилга қадар мавжуд дастурга кўра, асосий фаолият тури пахта ва ғалла маҳсулотларини етиштириш бўлган фермер қўшимча равишда помидордан ҳосил олса, унинг хўжалиги кўп тармоқли, деб топилган. Ваҳоланки, экин турларини кўпайтириш ҳисобига фермер хўжалиги кўп тармоқлига айланиб қолмайди»​, дейди Зойир Мирзаев.