Ўзбекистонда фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг давлат олдидаги қарздорлиги ошиб бормоқда. Бунинг сабаби ва шу ҳолатга таъсир этувчи омиллар жуда кўп бўлиб, Бош вазир ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев шулар ҳақида фикр билдириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

«​2016 йилгача бўлган даврда фермер хўжаликларининг маҳсулотларни етиштириш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш махсус жамғарма орқали амалга оширилган. Ушбу жамғарманинг баланси апрель-май ойларида тасдиқланиши назарда тутилган. Ваҳоланки, 2018 йилда кутилаётган пахта етиштириш жараёнидаги харажатлар 2017 йил декабрдан бошланади. Масалан, ерни шудгорлаш ва унга ишлов беришдан бошлаб, май ойига қадар фермер умумий ишнинг 35 фоизини тугатади ёхуд харажат қилади. Фермер беш ой давомида жамғармадан (давлатдан) пул олмасдан ишлашга мажбур.

Яна бир масалага эътибор қаратсак, биз пахтани толасини экспортга чиқариб, пайдо бўлган тушумдан фермернинг улушини тўлаймиз. Агар фермер ноябрь ойида пахта ҳосилидан охирги мажбуриятини тугатса, орадан саккиз ой ўтиб меҳнати учун ҳақ олади. Мана шу ўртадаги бўшлиқ - фермер хўжалигининг ишида камчиликлар пайдо бўлишига сабабчи бўлади»​, дейди Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев.

Ўтган давр ичида фермернинг ер солиғидан пайдо бўлган мажбурияти, банк тақдим этган кредитларини сўндириш ёки уларнинг фоиз ставкаси ўзгармай қолган. Яъни, фермер банк ва солиқ олдидаги қарздорлигини ёпиши шарт. Мирзаевнинг айтишича, ҳеч ким жамғарманинг фермер олдидаги қарздорлиги эвазига унинг тўлов мажбуриятларини вақтинча тўхтатишни ўйламаган.

«Бу йилги жамғармани тасдиқлашда бир фарқли ҳолат пайдо бўлди: балансни дефицит билан тасдиқламадик. Бундан аввал, «​1 триллион сўм йўқ бўлса ҳам, қаердандир келиб қолар» тамойилида иш тутилмади. Натижада агротехникадан фойдаланишда узилиш бўлмади, фермер хўжаликлари илк марта 378 миллиард сўм фойда билан ишни якунлади. Уларнинг орасида зарар қилган фермерлар ҳам топилади, аммо ўтган йилги ҳисоботлар билан солиштирганда - бу яхши натижа»​, деб таъкидлаган у.