22:20 / 30.12.2017
6992
Дунёнинг энг баланд чўққисига якка ҳолда кўтарилиш тақиқлаб қўйилди
Фото: СС0 Public Domain

Дунёнинг энг баланд чўққиси Эверест ва Ҳимолойнинг қолган чўққиларига кўтарилиш вақтида бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш мақсадида Непал ҳукумати янги мавсумдан бошлаб бу чўққиларга якка ҳолда кўтарилишни тақиқлаб қўйди. 

Непал экспедициялар операторлари уюшмаси котиби Ишвари Пауделнинг айтишича, чўққиларга якка ҳолда кўтарилишлар ихлосмандлари бу тақиқловдан норози бўлишлари аниқ.

“Улар бу жуда хавфли эканини билсалар-да, барибир юқорига интилаверадилар. Непал ҳукуматининг сабр косасини тўлдирган охирги томчи апрелда швейцариялик тажрибали альпинист Уэли Стекнинг ҳалок бўлиши бўлди. У Нупцзе тоғига кўтарилиш вақтида минг метр баландликдан тушиб кетди”, деб айтди котиб.

41 ёшли Стек таниқли альпинистлардан ҳисобланган ва Ҳимолойдаги Аннапурна чўққисига жанубий томони орқали янги йўналиш бўйича якка ҳолда кўтарилгани учун альпинизмнинг “Оскар”и ҳисобланган “Мовий музёрар” (Piolet dʼOr) соврини билан тақдирланганди.

Top