Италия ЕХҲТ раислиги даврида минтақавий муаммоларни ҳал этмоқчи
12:40 / 01.01.2018
1907
Фото: ТАСС

Италия 2018 йилнинг 1 январида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишни Австриядан расман қабул қилиб олди. 11 январь куни ташкилотнинг Венадаги қароргоҳида Италия Ташқи ишлар вазири Анжелино Альфано келгуси йилдаги вазифалар ва дастур ҳақида катта чиқиш қилади.

Вазир Италиянинг биринчи ташаббуси антисемитизмга қарши халқаро конференция ўтказиш эканини аён қилиб бўлган. Рим бир неча марта ўз раислиги давридаги устивор вазифа сифатида ЕХҲТ Европада хавфсизликни таъминловчи майдонга айланишини айтиб ўтганди.

Бундан аввалроқ ТАСС агентлигига берган интервьюсида Альфано, "ЕХҲТ Европа давлатлари учун мулоқотлар ва ҳамкорлик учун асосий майдон бўлиши кераклиги"ни айтиб ўтганди.

"Италия айнан шундай кайфиятда 2018 йилги раислик учун тайёрланмоқда", - деган у. 

ТИВ раҳбари Италиянинг раисликдаги асосий мақсадлари қаторида Украина инқирозини бартараф этиш, шунингдек, Тоғли-Қорабоғ низосини тўхтатиш мақсадларини айтиб ўтган.

Итальянлар мигрантлар ва қочқинлар билан боғлиқ инқирозли ҳолат бўйича ҳам ишламоқчи ва Ўрта Ер денгизи минтақасидаги ҳолатни кун тартибига олиб чиқмоқчи. Италия ҳукумати бир неча марта бу ҳудуд Европанинг жанубдаги бир чети эмас, қитъа юраги сифатида қабул қилина бошлаши кераклиги ҳақида айтиб ўтганди. Римдагилар айнан шу ердан Европа хавфсизлиги таъминланиши кераклигини уқтиришмоқда. Шу билан биргаликда, Италия шарқдаги вазиятга ҳам жиддийлик билан ёндашади ва ўз ҳарбийларини НАТОнинг шарқий батальонлари жойлашган Польша ва Болтиқ бўйи давлатларига юборади.

ЕХҲТ раислигида яна бир вазифа бор - ташкилот аъзолари мулоқотини ривожлантириш, улар ўртасида ўзаро ишонч муҳитини қайтариш. Декабрь ойи бошида Австрия раислигида ўтказилган ЕХҲТ ТИВ раҳбарлари кенгашида бу борадаги вазият ёмонлашгани кўриниб қолганди. Томонлар барча масалалар бўйича, хусусан, Европадаги ҳарбий-сиёсий хавфсизлик борасида қарорлар қабул қила олишмаганди.


Улашинг
Top