АҚШда эгизаклар турли йилларда дунёга келдилар
09:14 / 02.01.2018
21417
Фото: Global Look Press

Калифорнияда Янги йил кириб келиши арафасида нафақат 20 дақиқа фарқ, балки туғилган йили ва ойи турлича бўлган эгизаклар дунёга келди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда. 

Эгизаклар Хоакин ва Аитана де Хесус Онтиверос 2018 йил 27 январда туғилишлари тахмин қилинаётган эди. Бироқ уларнинг онаси Марияда муддатдан аввал тўлғоқ бошланиб, у 31 декабрда Delano Regional Medical Center шифохонасининг туғуруқ бўлимига олиб келинган ва кўзи ёриган. Эгизаклардан биринчиси ўғил бўлган ва 31 декабрь соат 23:58да, иккинчиси эса қиз бўлиб, 1 январь соат 00:16да дунёга келган. Шу тариқа ака-сингил нафақат турли кунлар, балки ой ва йилларда туғилишган. Шифохона вакилининг айтишича, эгизаклар ва уларнинг онаси ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар. “Бу сюрприз бўлди. Бутун оила бундан бахтиёр”, деб айтган шифокор.

Калифорниянинг Эрлимат аҳоли пунктида яшайдиган оиланинг яна уч қиз фарзанди бор. 


Улашинг
Top