Ўзбекистонда мамлакатни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил этилади
17:55 / 11.01.2018
6913

Ўзбекистонда Буюк Келажак номли маслаҳат кенгаши ташкил этилмоқда. Бу кенгашда ҳуқуқ, молия, таълим ва тиббиёт йўналиши бўйича эксперт ҳамда етакчи мутахассислар қатнашишлари мумкин. Маслаҳат кенгашига Ўзбекистонда туғилиб, республика ҳудудидан ташқарида жойлашган халқаро корхоналарда фаолият олиб борувчи, кўпчилик томонидан тан олинган мутахассислар киришлари мумкин.

Буюк келажак маслаҳат кенгашининг асосий вазифаси - Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш моделини яратиш. Модель Ўзбекистон бозорларини объектив таҳлил қилган ҳолда халқаро корхоналар тажрибаси асосида, айниқса чет элда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик мутахассисларнинг шахсий тажрибалари асосида қурилади.

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ўз ичига бешта устувор йўналишни қамраб олади: ташқи сиёсат, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси мамлакат ҳукумати томонидан тасдиқланган кўрсатма ва йўналишларга асосланади. Истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотларнинг муваффақиятли тажрибаси, мутахассислар томонидан келажак учун амалга оширилаётган ишланмаларга ҳамоҳанг тарзда бугунги кунда рўй бераётган янгиликлар, ривожланишнинг ўзига хос йўлини яратишга имкон беради.

 

 


Улашинг
Top