Адвокатлар аҳолига барча соҳада юридик хизмат кўрсатишлари мумкин бўлади
20:30 / 12.01.2018
6265
Фото: Kun.uz

2018 йилги Давлат дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган. Шунга кўра, адвокатларга фақатгина суд мажлисларида қатнашиш эмас, балки аҳолининг кенг қатламига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишларига рухсат бериш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нодиржон Жўраев Тараққиёт стратегиясида бўлиб ўтган матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилди. 

“Аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимида адвокатура институти муҳим ўрин тутади. Адвокатура институти фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий масалаларда кўмак беради. Бироқ бугунги кун адвокатлари фаолияти таҳлил қилинганида, улар фақат суд жараёнларида қатнашиш билан овора. Улар бошқа йўналишлар, жумладан, консалтинг хизматлари кўрсатиш, тадбиркорларга маслаҳатлар бериш ёки давлат органлари ва муассасаларида юрдик хизмат кўрсатишга адвокатлар жалб қилинмаяпти. 

Бунга сабаб, адвокатлик фаолиятига доир қонунчилик ҳужжатлари ва меъёрларида бу нарсаларнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаганлидир. Шундан келиб чиқиб дастур лойиҳасида бу масалага эътибор қаратилган. Адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Шундан сўнг, адвокатлар фақатгина судларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатмайди. Улар тадбиркорларга консалтинг хизматларини ҳам кўрсатишлари мумкин бўлади. Бунда улар адвокатлик фирмаси ёки бюроси очмасдан, бошқа шаклларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишлари мумкин бўлади.

Амалдаги қонунчилик талабларига биноан эса, адвокатлар фирма ёки бюродан ташқари бошқа тузилмалар очишга ҳақи йўқ. Агарда улар шундай тузилмалар очса, адвокатлик лицензиясидан маҳрум бўлишарди”, - деди Нодиржон Жўраев. 

 


Улашинг
Top