Ойдинлик киритилди: хорижда жиноят қилган ўзбекистонлик Ўзбекистонда жазога тортилади
21:40 / 12.01.2018
20131

Ўзбекистонни 2018 йилда ривожлантиришнинг давлат дастури лойиҳасида чет элда жиноят содир этган ўзбекистонликни хорижий давлатга топширмасликни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилгани хабар қилинган эди. Бу ўз-ўзидан бирор хорижий мамлакатда жиноят содир этган Ўзбекистон фуқароси ватанига қайтиб келса, жиноятдан қутулиб қолар экан, деган нотўғри хулосага сабаб бўлиши мумкин. Шу муносабат билан Тараққиёт стратегияси марказида бўлиб ўтган матбуот брифингида айни масалага Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Умид Муҳаммадов ойдинлик киритди. 

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Умид Муҳаммадов

“Барчага маълумки, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлат хорижий давлатда жиноят содир этиб, ватанига қайтган фуқаросини чет элга топширмайди. Бу нарса бизнинг қонунчилигимизда ҳам акс этган, яъни Жиноят-процессуал кодексида бор. Лекин Жиноят кодексининг “Қонуннинг ҳудуд бўйича амал қилиши ҳақидаги” моддасида “агар халқаро шартномаларда ўзгача ҳолат кўзда тутилмаган бўлса”, деган жумла киритилган. Бунинг маъноси нима? Бунинг маъноси шуки, чет элда жиноят содир қилган ўзбекистонлик Ўзбекистонга қайтиб келиб, хорижий давлат уни топширишни сўраса, ЖПКга биноан уни топширмаймиз, аммо ЖКга кўра, агар ўша давлат билан жиноятчиларни топшириш бўйича шартнома бўлса, ўз фуқаромизни уларга топширамиз, деган нотўғри тушунча келиб чиқади. 

Шу билан бирга, режалаштирилаётган ислоҳотни нотўғри тушуниш ҳам керак эмас. Яъни Ўзбекистоннинг чет элда жиноят содир этган фуқароси ватанига қайтиб келса, жавобгарликдан қутулиб қолар экан, деган хулосага бориш нотўғри. Амалиётда қандай бўлади? Ўзбекистонлик хорижда жиноят содир этган бўлса, жиноят ишини сўров билан ўзимизга чақириб оламиз. Ўз фуқаромизни ўзимиздаги қонунчилик асосида тергов қилиб, судга чиқарамиз ва қонун доирасида белгиланган жазосини олади”, - деди Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Умид Муҳаммадов.


Улашинг
Top