Исроил бош вазири Ҳиндистонга 6 кунлик сафарини бошлайди
10:00 / 14.01.2018
3329
Фото: AFP

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 14 январда Ҳиндистонга 6 кунлик ташриф билан келади. 

Нетаньяхуга бундай сафарлар учун юздан кўпроқ тадбиркорлардан иборат рекорд даражадаги делегация ҳамроҳлик қилади. Нетаньяху Ҳиндистоннинг бир нечта штатларида бўлиб, мамлакат раҳбарлари, тадбиркорлар ва Болливуд ижодкорлари билан учрашади ҳамда бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолайди.

“Ташриф иқтисодиёт, мудофаа, технология ва туризм соҳаларида йирик давлат билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон беради. Ҳиндистон бош вазири Моди Исроилнинг яқин дўсти ва шахсан менинг дўстим. У сафаримнинг аксарият қисмида менга ҳамроҳлик қилишини юқори қадрлайман”, деб айтган Нетаньяху сафарга жўнашдан олдин.

Нетаньяхунинг ташрифи Нарендра Модининг Исроилга ташрифига жавоб ташриф деб аталмоқда. Моди 2017 йил июлида Исроилга ташриф буюрган ва Ҳиндистоннинг яҳудий давлатига сафар уюштирган амалдаги илк бош вазири бўлган.   

Нетаньяху девони сафар давомида имзоланадиган ҳужжатлар рўйхатини эълон қилган. Бу ҳужжатлар нефть-газ, киносаноат, авиаалоқа, киберхавфсизлик , ўзаро инвестицияларни ривожлантириш соҳаларига тааллуқлидир. Исроил бош вазири ташрифи давомида Нью-Деҳли, Агра, Аҳмадобод ва Мумбайга ташриф буюради. Шунингдек, унинг Ҳиндистон бош вазири Моди, президенти Рам Натх Ковинд ва ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан музокаралар ўтказиши, бизнес-форумларда иштирок этиши, киносаноат вакиллари ва маҳаллий яҳудий жамоаси раҳбарияти билан мулоқот қилиши режалаштирилган.   

Нетаньяху Нью-Деҳлидаги Ганди ёдгорлигига ташриф буюради, Мумбайда 2008 йилги теракт қурбонларини ёдга олишда иштирок этади. Бош вазир билан бирга Ҳиндистонга ўша терактда ота-онасидан айрилган ва ҳиндистонлик энага туфайли омон қолган 12 ёшли исроиллик Моше Хольцберг ҳам боради.   

Ҳиндистон иқтисодиёт ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан бошлаб улар орасидаги савдо айланмаси 200 млн доллардан ҳозирга келиб 4,13 млрд долларга етган. Ҳиндистон Исроилнинг савдо ҳамкорлари орасида 9-ўринни эгаллайди.

 


Улашинг
Top