Суриядаги курдларнинг «Халқ мудофаа кучлари» (YPG) ташкилоти ҳарбий бош қўмондони Сипан Хемо Туркиянинг Афринга ҳужуми вақтида Сурия курдларини ҳимоя қилишдан бош тортиб Анқаранинг бу ҳаракатига муносабат билдирмагани учун Россияни хиёнатда айблади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар қилинган.

«Туркларнинг фашистик давлати оккупация бошлади ва бутун дунё кўз ўнгида курдларни оммавий равишда ўлдирмоқда. Бутун дунё бу босқинчилик ва оммавий қирғин учун жавобгардир», — деган Хемо. У курдлар айниқса, Москванинг бепарволигидан қаттиқ ранжиганини қайд этган.

Фото: ekurd.net

«Россия айни вақтда Туркиянинг иттифоқчиси ҳисобланади (...) турклар давлати эса биз билан уруш ҳолатида (...). Бизнинг Россия билан келишувимиз бор эди, аммо улар барчасини инкор этиб, бизни сотишди», — дея қайд этган курдлар бош қўмондони.

У курдлар энди Москванинг асл юзини кўришаётгани ва Россия улар учун «принципсиз давлат» айланганини қўшимча қилган.

Туркия Бош штаби 20 январь куни Афринга ҳужум бошлангани ҳақида эълон қилди. Туркия бу ҳудудда ўрнашган курд ҳарбий бўлинмаларини террорчилар деб баҳолаб, уларни яксон қилишни мақсад қилган. Бу ҳарбий кампанияда уларга қуруқликда Сурия мухолиф кучлари ҳамроҳлик қилмоқда. Шунингдек, авиациядан зарбалар берилмоқда. Haberturk маълумотига кўра, туркиялик ҳарбийлар кейинги 48 соат мобайнида Сурия чегарасидан Африн томон 7,5 километр масофада кириб борган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль туркиялик ҳарбийларнинг Суриянинг Африн минтақасидаги ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораётгани ҳақида маълум қилди.