Туркиядаги асосий мухолиф Халқ-республика партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли “Зайтун новдаси” амалиётини қўллаб-қувватлади, уни Туркия қуролли кучлари Суриянинг Афринида амалга оширмоқда.

"Зайтун новдаси” амалиёти мамлакат кун тартибида бор эди. Биз у катта йўқотишларсиз тугашини хоҳлаймиз. Бизнинг ҳарбийлар Сурия ҳудудий яхлитлигига ҳисса қўшишмоқда", - дея айтиб ўтди Қиличдорўғли Туркия бош вазири Бинали Йилдирим билан учрашувдан сўнг журналистларга.

Ўз навбатида, мамлакат бош вазири икки асосий мухолиф партия – ХРП ва Миллий ҳаракат партияси раҳбариятига Африндаги амалиётни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Туркия парламентидаги тўрт партиядан Суриядаги амалиётга фақат курдларга яқин бўлган Халқлар демократияси партияси қарши чиқди, унинг ҳамраиси Серпил Камолбой турк армиясининг Африндаги ҳаракатларини босқинчилик, деб атади.

20 январь куни аввалига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурия шимолида ҳарбий амалиёт бошланиб бўлганини маълум қилди. Кўп ўтмасдан Туркия бош штаби Афринда “Зайтун новдаси” номли ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди. Туркия ҳарбийлари баёнотида бу амалиёт “Сурия яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда” олиб борилиши маълум қилинган.