01:12 / 26.01.2018
12828
Термизда «Инновациялар ва давлат хизматлари маркази» иш бошлайди
Фото: KUN.UZ

Бугунги куннинг инновацион ғоялар, таклифларга эҳтиёжи бисёр. Ҳар бир йўналишда қанча таклиф бор бўлса, бу ўз навбатида рақобатнинг ошишига энг сара ва долзарб бўлган ишланма ва ихтироларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Аҳоли орасида дунёқараши кенг, замонавий илм ва кўникмаларга эга бўлган фуқаролар айниқса ёшлар, ОЎЮ талабалари кўплиги қувонарли ҳолдир. Улар орасидан давр талаби, аҳоли эҳтиёжи учун асқотадиган инновацион ғоя ва таклиф соҳибларини аниқлаш учун яна бир ижобий қадам ташланди.

Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан тақдим этилган «Инновациялар ва давлат хизматлари маркази» лойиҳаси ҳаётга тадбиқ этилмоқда, деб маълумот берди Kun.uz’га вазирлик ахборот хизмати.

Жорий йилнинг сўнгига қадар Термиз шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида айнан мана шу «Инновациялар ва давлат хизматлари маркази» иш бошлайди. Унинг асосий йўналишларидан бири инновацион жараёнларни жадаллаштириш, кичик тадбиркорликни ривожлантириш, янги барқарор иш ўринларини ташкил этиш, хусусий инвестицияларни жалб этишдан иборат. Бундан ташқари, ғоя ва таклифлар таҳлили, уларга молиявий томондан кўмак бериш, керакли инвесторларни топиш билан ҳам шуғулланади. Инновацион марказнинг асосий вазифаси эса бизнесни ривожлантириш учун зарур бўлган платформани ташкил этиш, фуқароларга ягона манзилда давлат хизматларни кўрсатишини ҳам қайд этиш жоиз.

Инновацион марказнинг яна бир қулайликларидан бири ўз бизнесини бошламоқчи бўлган, аммо ўз офисига ва ишчи-ходимлари, яъни бухгалтерия, юридик маслаҳатчи, консалтинг, семинарлар ўтказиш имконини ҳам беради.

Бино концепцияси лойиҳа номига хос замонавий муҳташам кўринишга эга бўлади. Марказнинг давлат-хусусий ҳамкорлиги асосида ташкил этилиши эса ҳамкорликнинг энг қулай ечими сифатида эътироф этилмоқда.

Top