Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Обиравон ҚФЙ ҳудудида яшаб келаётган ўн олтита хўжалик қарийб етти йилдирки электр токидан бебаҳра. Аҳоли ушбу масалада мутасадди ташкилотларга кўп бор мурожаат қилиб кўрган. Лекин ҳеч қандай натижа чиқмаган.

Ушбу ҳудудда яшовчи ёши саксонни қоралаб қолган Нурмамат бобо Менглиев шундай дейди:

— Бу ерларни етти йил олдин туман кадастр бўлимидан келиб, аҳолига яшаш учун ер майдони сифатида 6 сотихдан бўлиб беришганди. Ҳужжатлари ва ким ошди савдоси учун деб икки юз мингдан пул ҳам берганмиз. Ҳамма ҳужжатларини ўзимиз қиламиз дейишгани учун ҳужжат ишларини унутиб, уй-жой қуриб яшай бошладик. Сўнгра электр токи масаласида туман электр корхонасига мурожаат қилганимизда эса, улар “ҳужжатсиз уйларни электр токи билан таъминлай олмаймиз”, дейишди. Бу масалада туман кадастр бўлимига борсак, улар ҳокимиятга жўнатишди, ҳокимият эса кадастрга боришни маслаҳат беради. Хуллас отангга бор, онангга бор билан етти йилдирки зулматда ҳаёт кечираяпмиз. Ҳозирда барча уйларнинг кадастр ҳужжатлари деярли ҳал бўлган, лекин ҳамон электрдан дарак йўқ.

Фото: Қашқадарё зиёкори

Ушбу ҳудудда яшовчи Зафар Бухоров ҳам бу масалада куйинчаклик билан гапиради.

— Бу маҳалла янги ташкил этилганлиги боис кўпи ёш хўжаликлардан иборат. Биз ёшлар замон билан ҳамнафас бўлиш, бугунги бўлаётган янгиликлардан доимо хабардор бўлиб боришни истаймиз, лекин электр токисиз бунинг сира иложи йўқ. Худди дунёдан узилиб қолгандай яшаймиз. Электр етиб келган қишлоқ биздан нари борса беш юз метр масофада жойлашган. Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида олдингидек электрни тежаш, ўчириб қўйишлар бўлмаяпти. Улар хоҳлаган пайтида телевизор кўриши, компьютердан фойдаланиши ва энг муҳими, тунлари ёп-ёруғ уйларда ўтириш имкониятига эга. Уларга роса ҳавасимиз келади. Оралиғимиздаги масофа беш юз метр бўлса-да, шароитимиз эллик йил ортда қолгандай ҳис этамиз ўзимизни. Бу масалада кўп жойларга мурожаат этиб ҳафсаламиз пир бўлган. Юртимизда ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, ёшларни қийнаётган кўплаб муаммоларни ҳал этишяпти, ёшларга моддий ва маънавий кўмак беришаяпти, деб эшитяпмиз. Мана, бизнинг қишлоққа ҳам келишсин, муаммоларимиз билан қизиқишсин. Қишлоқ аҳолисининг тўқсон фоизини ёшлар ташкил этади. Биз ёшлар иттифоқининг кўмагига муҳтожмиз. Бизга кўмак беришсин. Амалий ёрдам кўрсатишсин.

Дарҳақиқат бутун дунё тараққиётга юз тутган замонда электр токисиз яшашни тасаввур қилиш қийин, албатта. Сабаби барча замонавий техникалар, ёритиш ва иситиш жиҳозлари, маиший техникалар электр токи билан ишлайди. Телевизор кўрмаслик, янгиликлар, ютуқ ва камчиликларимиздан мутлақо хабарсиз юриш, дазмол босилмаган ғижим кийимларни кийиб юриш бугунги кун кишисига ёт ҳолат албатта. Шундай экан бу каби ҳолатларни эътибордан четда қолдириш яхши эмас. Ўйлаймизки, туман мутасаддилари бу муаммоларга, албатта, эътибор қаратишади ва аҳолини қийнаб келаётган масалалар ўз ечимини топади.

Фото: Қашқадарё зиёкори

28 январь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик фаоллар билан ўтказган йиғилишида ҳам айнан Деҳқонобод туманидаги иқтисодий ва ижтимоий ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтган ва мутасадди раҳбарларга алоҳида кўрсатмалар берган эди.